Ватан тараққиётига даҳлдорлик ҳисси.

Бош саҳифа

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ва аппарати масъул ходимларининг меҳнат жамоаларига ташриф буюриш режа-жадвалига асосан Чирчиқ шаҳридаги “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти касаба уюшма фаоллари билан учрашув ўтказилди.

Ташриф жараёнида “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти фаоллари касаба уюшмаларининг бугунги кундаги фаолияти, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар,  жахон ҳамжамияти ва қўшни мамлакатларда бўлаётган воқеалар билан таништириб ўтилди.

Юрт равнақи йўлидаги шиддат ва шижоат, халқ манфаати ва одамлар розилигини таъминлашга қаратилган улкан ислоҳатлар ҳар бир юртдошимизнинг қалбига етиб бориб, Ватан тараққиётига даҳлдорлик ҳиссини кучайтирмоқда.

Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида муҳим қарорлар қабул қилинди, уларнинг ижроси юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Албатта касаба уюшмалари юқоридаги қайд этилган жараёнларда четда қараб тургани йўқ.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, фуқаролик жамияти инстутлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида Миллий мониторингни ташкил этиш борасида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ходимлари ҳам Навоий ва Хоразм вилоятларига хизмат сафарига юборилди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев “Одамлар бугун рози бўлсин” деган ташаббусни ўртага қўйди. “Одамларни дарду ташвишлари билан яшаш” тамойили давлатнинг фаолият мезонига айланди.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлари халқимиз розилиги ва халқаро эътирофларга сазовор бўлмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди.

Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо сифатида қабул қилиниши мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бу тизимни рағбатлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг эътирофи ва мамлакат ҳукуматининг мақсадларига содиқлиги ифодасидир. Шубҳасиз, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзоси сифатида Ўзбекистон кенгаш фаолияти самарадорлиги ошишига муносиб ҳисса қўшади

Муҳтарам Президентмиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида биринчи марта, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва  иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди, шунингдек, қатор таклифларни илгари сурди.

Ўз навбатида биз, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари давлатимиз раҳбари нутқидан келиб чиққан ҳолда, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтириб, уларни бажаришда бор кучимиз, ғайратимиз ҳамда билимимизни сарфлаймиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда жорий этилган “темир дафтар»лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида “Ёшлар дафтари”, ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида “Аёллар дафтари” юритилиб, рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Рафиков Қудратилла Мирсагатович раҳбарлигида мазкур масалага бағишланган Республика Ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Муҳтарам Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Президентимизнинг глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, турли ҳудудлардаги можароларни тинч йўл билан хал этиш, Марказий Осиёда интеграцияни кучайтириш ва барқарор тараққиётга эришиш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамиятда кенг эътирофга сазовор бўлди.

Бугунги кунда Белоруссия, Тоғли Қорабоғ, Қирғизистонда бўлаётган воқеаларга ҳам бефарқ эмасмиз. Бизнинг миллатимиз тинчликпарвар халқ ҳисобланади.

Мамлакатимизда қўшни давлатлар ўртасида қардошлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикчилик муносабатларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори асосида фаол иштирок этиб, ислоҳатлар таъсирчанлигини оширишга ўзининг муносиб улушини қўшмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар ўлароқ “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида республиканинг 159 та туман, 30 та шаҳар ва Тошкент шаҳрининг 11 туманларидаги, жами 1116 та қишлоқ ва маҳаллаларнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланди. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида улардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси кенг кўламли бунёдкорлик ишларида ҳам фаол қатнашиб, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва уни республика ҳудудида тарқалишига қарши биргаликда курашишда БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСEФ ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

2020 йилнинг 8 июль куни Женева шаҳрида дун­ё­нинг 80 дан ортиқ мамлакати давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасида COVID-19 га қарши кураш масалалари бўйича глобал виртуал саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаатномаси мамлакатимизда пандемия шароитида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганидан далолат беради.

2020 йил 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилди, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсалдида бир қанча солиқ имтиёзлари берилди.

Жорий йилнинг 21 август куни Кимё ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг III Қурултойи бўлиб ўтди, 2015-2020 йиллардаги тармоқ касаба уюшмаси фаолияти сарҳисоб қилинди.

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тармоғидаги корхоналар томонидан ҳисобот даврида 17,6 триллион сўмлик товар маҳсулотлари (натурал кўринишда 100 фоиз ўзлаштирилувчи компонентлар ҳисобида 6 миллиард тоннадан зиёд минерал ўғитлар ва бошқа товарлар) ишлаб чиқарилган. Умумий қиймати бир миллиард доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,7 миллиард сўмга яқин 95 та лойиҳа амалга оширилган, 1,93 миллиард долларлик (шундан, 758,1 миллион долларлик чет эл) инвестициялари амалга оширилган ва 3890 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган.

Жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходимга сарфланган маблағ 2015 йилда 5,428 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу миқдор 7,613 миллион сўмни ташкил қилди.

Ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб бериш устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш доирасида 141 та корхона ва ташкилот фаолияти ўрганилиб, меҳнат муҳофазасига оид 480 та камчиликлар аниқланган ва натижалар бўйича иш берувчиларга 97 та тақдимнома киритилиб, касаба уюшмалари аралашуви билан 435 таси бартараф этилган.

Касаба уюшмалари ишчи-ходимларнинг меҳнат муносабатларига оид муаммоларини ҳал қилишда, уларга кўмак беришда, муносиб меҳнат шароитларини яратишда цех бошлиқлари билан маслаҳат қилган ҳолда иш олиб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Цехда ишчи ходимлар қандай меҳнат шароитларида ишлаяптилар, у ерда муҳит яхшими? Ҳар қандай муаммони авваламбор цех ичида ҳал қилишга ҳаракат қилиш лозим. Ишчи-ходимлар билан муомола қилганда, уларни сабр билан эшитиб, тўғри маслаҳат беришга ҳаракат қилиш керак. Чунки цех ишчи-ходимлари цех касаба уюшмасини сайлашган, улар ўз ишончларини билдиришган, касаба уюшмаси ҳам уларнинг ишончларини оқлашга ва улар билан бирга ҳамжиҳат бўлиб ишлашга харакат қилиши керак.

                                                                                                                      М.Халилова

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари

касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email