Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси

УСТАВИ

 

  1. Умумий қоидалар

 1.1. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси (кейинги ўринларда “касаба уюшмаси”) – хўжалик юритиш ва мулкчилик шаклидан қатъи назар тармоққа қарашли ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларида умумий ижтимоий-меҳнат ва касбий манфаатлари юзасидан бир-бирига боғлиқ бўлган ходимларни ҳамда ушбу ташкилот ва корхоналарга мутахассисларни тайёрлаб берувчи таълим муассасалари ўқувчи (талаба) ва ходимларини бирлаштирувчи ихтиёрий, ўзини ўзи бошқарувчи, нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси ҳисобланади.

1.2. Касаба уюшмаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг (кейинги ўринларда – “Федерация”) аъзосидир ва ўзининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ бошқа давлатлар касаба уюшмалари марказлари билан ҳамкорлик қилиши, касаба уюшмалари халқаро бирлашмаларига аъзо бўлиши мумкин.

1.3. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунчилик, демократия, ихтиёрийлик, мустақиллик, тенглик, бирдамлик, ошкоралик асосида амалга оширади.

1.4. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятларини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда мазкур Уставга мувофиқ амалга оширади.

1.5. Касаба уюшмаси ўз фаолиятида давлат бошқаруви органлари, ижроия ҳукумати, иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари, сиёсий партиялар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан мустақилдир, уларга ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

1.6. Касаба уюшмаси ва унинг тизимидаги касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлар (кейинги ўринларда – “касаба уюшмаси ташкилоти”) тадбиркорлик, ишлаб чиқариш-хўжалик фаолияти, нашриётчилик билан шуғулланишлари ҳамда Устав мақсадларига мувофиқ ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолият олиб боришлари мумкин.

1.7. Ушбу Уставнинг матнини изоҳлаш касаба уюшмаси Қурултойининг мутлоқ ваколатига киради.

Касаба уюшмасининг давлат, рус ва инглиз тилларидаги расмий тўлиқ  номланиши:

Давлат тилида: Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси.

Рус тилида: Профсоюз работников химической и фармацевтической  промышленности Узбекистана.

Инглиз тилида: The Trade Union of workers chemical and pharmaceutics  industry of Uzbekistan.

Ушбу касаба уюшма муқаддам Ўзбекситон Республикаси Адлия вазирлигидан 2014 йил 19 апрель куни 763 сон билан “Ўзбекситон кимё саноати ходимлари касаба уюшмаси” номи билан рўйхатдан ўтказилган.

Касаба уюшмасининг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили):

Ўзбекистон Республикаси, 100011, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 38-уй.

II . Касаба уюшмасининг мақсад ва вазифалари

2.1. Касаба уюшмасининг асосий мақсади касаба уюшмаси аъзолари, шунингдек корхона, ташкилот, муассасалар (бундан кейин корхоналар)  ходимларининг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни амалга оширишдир.

2.2. Касаба уюшмаси ушбу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги вазифаларни:

касаба уюшмаси фаолиятини мувофиқлаштириш, бирлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлашга;

тармоқ Келишувлари ва жамоа шартномалари тузиш бўйича ижтимоий шериклик тамойилларининг йўлга қўйилишига, жамоавий музокараларни ташкил этилиши, уларнинг бажарилиши назоратини амалга оширилишига;

миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъи назар, касаба уюшма аъзосининг меҳнат қилиш, иш ва касбини эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитига ва ишсизликдан ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишига;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат шартларида ижтимоий-адолатли тизим жорий этилиши ва уни такомиллаштирилишига;

корхоналарда меҳнат қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларига риоя қилиниши, ходимларга меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган барча имтиёз ва кафолатларнинг берилишига;

касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, меҳнат, фуқаролик ҳуқуқ ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш учун жамоатчилик маслаҳатхоналарини ташкил этилиши, ўз ваколатларини амалга оширишда тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилишга;

корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси ва шароитлари ҳамда атроф муҳит муҳофазаси ҳолати устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга, иш жойларида зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини бартараф этилиши, ишловчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари, қулай маиший шароитлар яратилишига;

касаба уюшмаси аъзоларининг соғлиқларини мустаҳкамлаш, оммавий жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратилишига, дам олиш ва санаторий-курортларда соғломлаштиришнинг самарали ва ҳаммабоп бўлиши таъминланишига;

меҳнат жамоаларида маданий-маърифий, спорт тадбирлари, кўрик-танловлар, жумладан давлат органлари, ўз-ўзини бошқариш органлари, иш берувчилар билан ҳамкорликда, ташкил этилиши ва ўтказилишига;

касаба уюшмаси фаолиятининг кенг ошкоралигини таъминлаш учун ахборот ва ташвиқот ишлари олиб борилишига;

касаба уюшмаси ходимлари ва фаолларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ўқитиш тизими самарали ишлашига эришади.

 

III. Касаба уюшмаси аъзолари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

3.1. Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Касаба уюшмаси Устави талабларини тан олувчи ва бажарувчи, аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб борувчи 18 ёшга тўлган ҳар бир шахс касаба уюшмаси аъзоси бўлиши мумкин (агар 16 ёшга тўлган шахс иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлса ёки ўқув юртида таҳсил олаётган бўлса, касаба уюшмаси аъзолигига кириши мумкин).

3.2. Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқариш шахснинг шахсий аризасига кўра касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг умумий йиғилишида ёки касаба уюшма бошланғич ташкилот қўмитаси мажлисида амалга оширилади.

Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш санаси тегишли қарор қабул қилинган кундан ҳисобланади. Касаба уюшмасига қабул қилинган шахсга касаба уюшмаси бошланғич ташкилот қўмитаси раиси ёки ташкилотчиси томонидан ягона намунадаги аъзолик билети берилади.

Йирик бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ҳуқуқи касаба уюшмаси қўмитаси қарори билан цех қўмиталарига берилиши мумкин.

Касаба уюшмаси аъзолари асосий иш (ўқиш) жойларида касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти  ҳисобида турадилар.

3.3. Касаба уюшмасига аъзолик қуйидаги ҳолларда сақланиб қолади:

бошқа касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида ҳисобга олинганда;

касаба уюшмаси аъзоси фарзанд тарбиялаш ёки яқин қариндошини парваришлаш зарурати билан меҳнат фаолиятини вақтинчалик тўхтатганда;

касаба уюшмаси аъзоси соғлиғи бўйича ёки ёшга доир пенсияга чиқиб ишини тўхтатганда (касаба уюшмаси ташкилоти билан алоқани узмаслик ва аъзолик бадалларини тўлаб туриш шарти билан);

ходимлар сони(штат)нинг ўзгариши ёки корхонанинг тугатилиши муносабати билан вақтинчалик ишсиз қолиб, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий  муҳофаза қилиш марказида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган касаба уюшмаси аъзосига – бошқа ишга жойлашгунча;

касаба уюшмаси аъзосининг Қуролли Кучларда хизмати тугагандан сўнг икки ойгача;

вақтинчалик иш учун мамлакат ҳудудидан чиқиб кетган касаба уюшмаси аъзосига – қайтиб келгунигача.  

Касаба уюшмасининг ҳамма аъзолари тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

3.4. Касаба уюшмаси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

касбий, ижтимоий-меҳнат ҳуқуқ ва манфаатлари, меҳнат муносабатларига оид масалалар бўйича касаба уюшмасининг ҳимоясида бўлиш;

касаба уюшмасининг исталган органига мурожаат қилиш ва ўзининг мурожаати бўйича тегишли жавоб талаб қилиш;

жамоа шартномалари, келишувларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда қатнашиш, уларда кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш;

касаба уюшмаси органларидан меҳнат муносабатлари, ҳуқуқий масалалар бўйича бепул ҳуқуқий ёрдам олиш;

касаба уюшмаси органларига сайлаш ва сайланиш;

касаба уюшмасининг фаолиятини касаба уюшмаси қурултойларида, йиғилиш (конференция)ларида, сайланма раҳбар органлар мажлисларида, оммавий ахборот воситаларида эркин муҳокама этиш ва танқид қилиш, таклифлар киритиш, ўз фикрини очиқ баён этиш ва ҳимоя қилиш, қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

ўз фаолияти ва хулқ-атворига тааллуқли масала кўрилаётганда касаба уюшмаси йиғилиш (конференция)лари, касаба уюшмаси сайланма органлари мажлисларида шахсан қатнашиш;

касаба уюшмасининг санаторийлари, дам олиш уйларига, шунингдек болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли шартларда йўлланмалар олиш, касаба уюшмасига фойдаланиш учун берилган маданият муассасалари ва спорт-соғломлаштириш иншоотларидан фойдаланиш;

белгиланган тартибда касаба уюшмаси мулкидан фойдаланиш;

ихтиёрий равишда касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиш ва бошқалар.

3.5. Касаба уюшмаси аъзосининг мажбуриятлари:

касаба уюшмаси Уставига риоя қилиш, касаба уюшмаси органларининг мазкур Уставга биноан қабул қилган қарорларини бажариш;

касаба уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда қатнашиш;

жамоа шартномалари ва Келишувлар мажбуриятларининг бажарилишига кўмаклашиш;

касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти фаолиятида қатнашиш;

ҳар ойда белгиланган миқдор ва тартибда касаба уюшмасига аъзолик бадалларини тўлаб бориш;

касаба уюшмалари ҳаракатига зарар келтирадиган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик ва бошқалар.

3.6. Касаба уюшмаси ишида фаол қатнашгани учун касаба уюшмаси аъзолари қуйидагича рағбатлантирилишлари мумкин:

мукофот;

қимматбаҳо совға билан тақдирлаш;

касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш;

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг нишони билан тақдирланишга тавсия этиш.

3.7. Устав мажбуриятларини бажармаганлиги ёки касаба уюшмасига зарар етказувчи ҳаракатлари учун касаба уюшмаси аъзосига қуйидаги жамоат таъсир чоралари қўлланиши мумкин: огоҳлантириш ёки сўнгги чора сифатида касаба уюшмаси аъзолигидан чиқариш.

3.8. Касаба уюшмаси аъзолигидан қуйидаги ҳолларда чиқарилади:

узрли сабабларсиз 6 ойдан ортиқ аъзолик бадалларини тўламаганда (мазкур Уставнинг 3.3. ва 9.2.-бандларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);

Уставда белгиланган мажбуриятларини бажармаганда;

касаба уюшмаси ёки унинг ташкилотларига жиддий мулкий зарар етказадиган, шунингдек касаба уюшмасини обрўсизлантирувчи бошқа ҳаракатлар қилганда.

3.9. Касаба уюшмаси аъзолигидан чиққан шахс касаба уюшмасининг ҳимояси, касаба уюшмасининг мол-мулки ва маблағидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотади. Унинг тўлаган аъзолик бадаллари қайтарилмайди.

3.10. Касаба уюшмаси аъзосига жамоат таъсир чорасини қўллаш масаласи унинг иштирокида касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг умумий йиғилишида ёки юқори касаба уюшмаси рахбар органи мажлисида, шунингдек, юқори касаба уюшмалари рахбар органларининг ташаббуси билан уларнинг мажлисларида, кейинчалик касаба уюшмаси аъзоси ҳисобда турган касаба уюшмаси бошланғич ташкилотини қабул қилинган қарордан хабардор этган ҳолда, кўриб чиқилади. Касаба уюшмаси аъзоси юқори рахбар орган мажлиси (йиғилиш)да қатнашишни узрсиз сабаб билан инкор этса, ушбу масала унинг иштирокисиз кўрилиши мумкин.

Касаба уюшмаси аъзосига жамоат таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси бошланғич ташкилот қўмитаси, юқори касаба уюшмасининг рахбар органи томонидан, аъзолари 15 нафаргача бўлган касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида эса – умумий йиғилиш томонидан қабул қилинади.

Жамоат таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор йиғилиш қатнашчилари, юқори рахбар орган аъзоларининг камида 2/3 қисми ёқлаб овоз берганда қабул қилинган ҳисобланади.

Жамоат таъсир чорасини қўллашдан олдин касаба уюшмаси аъзосидан ёзма тушунтириш хати талаб қилиш лозим. Ёзма тушунтириш хати беришдан бош тортиш жамоатчилик таъсир чорасини қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

Жамоат таъсир чорасини бевосита айб иш аниқланганда, лекин у аниқлангандан кейин бир ойдан кечикмасдан қўлланилади, бунда касаба уюшмаси аъзосининг касал ёки таътилда бўлган даври ҳисобланмайди.

Ножўя ҳаракат (ҳаркатсизлик) қилинган вақтдан олти ой ўтгандан сўнг, тафтиш ёки молиявий-хўжалик фаолияти текширилиши натижасида аниқланганда эса – содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан сўнг жамоат таъсири чораси қўлланиши мумкин эмас.

Ҳар бир ножўя ҳаракат (ҳаркатсизлик) учун касаба уюшмаси аъзосига фақат битта жамоат таъсир чораси қўлланилади.

Жамоат таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор нусхаси 3 кун ичида касаба уюшмаси аъзосига тилхат билан берилади.

3.11. Жамоат таъсир чорасидан норози бўлган касаба уюшмаси аъзоси қарор нусхасини олгандан кейин юқори касаба уюшмаси рахбар органига шикоят қилиши мумкин. Ариза касаба уюшмаси рахбар органи қабул қилган кундан кейин бир ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.

Жамоат таъсир чорасидан норози бўлган аъзо белгиланган тартибда судга ҳам шикоят қилиши мумкин.

Касаба уюшмаси аъзосидан жамоат таъсир чорасини олиб ташлаш масаласи тегишли касаба уюшмаси йиғилиши ёки рахбар органи томонидан, қўлланилган кундан камида уч ойдан сўнг кўриб чиқилади.

Жамоат таъсир чораси қўлланилган кунидан бир йил ўтгандан сўнг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

  IV. Касаба уюшмасининг ташкилий тузилиши ва фаолиятининг асосий тамойиллари

 4.1. Касаба уюшмаси кўнгилли жамоат ташкилоти бўлиб, ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ноишлаб чиқариш соҳаларидаги фаолият турига қараб ташкил этилган.

4.2. Касаба уюшмаси тузилмасини касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари ва касаба уюшмаси ташкил этади.

Касаба уюшмаси таркибий бўлинмаларини тузиш, ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бўлинмаларининг рахбар органлари тўғрисидаги қоидалар ҳамда бўлинмаларининг мол-мулкини бошқариш борасидаги ҳуқуқлари батафсил равишда касаба уюшмаcи Республика Кенгаши раёсати томонидан тасдиқланган уларнинг низомларида белгиланади.

4.3. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини қуйидаги асосда ташкил этади:

касаба уюшмасининг барча раҳбар органларининг пастдан юқорига сайлов йўли билан сайлаб қўйилиши;

касаба уюшмаси органларининг уларни сайлаган касаба уюшмаси ташкилотлари ва юқори касаба уюшмаси органлари олдида ҳисобот бериши;

касаба уюшмасининг барча ташкилотлари ва органларининг ишларидаги ҳамкорлик, ошкоралик;

қарор қабул қилинаётганда мунозара эркинлиги;

юқори касаба уюшмаси органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари қуйи ташкилотлар томонидан бажарилишининг мажбурийлиги.

        Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари

 4.5. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари юридик шахс бўлган корхона, муассаса, ўқув юртлари ва ташкилотларда, касаба уюшмаси аъзолари 5 нафардан кам бўлмаган тақдирда ташкил этилади.

Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотини тузиш ва касаба уюшмасига кириш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси аъзоларининг таъсис мажлисида қабул қилинади ва бу қарор касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсати томонидан тасдиқланади.

Ксаба уюшма бошланғич ташкилоти ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, касаба уюшмалари Федерацияси ва касаба уюшмаси Уставлари ҳамда улар томонидан қабул қилинган қарорлар ва Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган “Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари тўғрисида”ги Низом асосида олиб боради.

4.6. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти ўз фаолиятида мустақилдир. Унинг, шунингдек, сайланма органларининг қонунчилик, Устав, касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарорларига зид бўлмаган қарорлари юқори орган томонидан бекор қилиниши мумкин эмас.

касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг қарори билан корхонанинг таркибий бўлинмаларида касаба уюшмаси цех ташкилотлари ва касаба уюшмаси гуруҳлари тузилиши мумкин.

4.7. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг олий органи умумий йиғилиш (конференция)дир.

Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида умумий йиғилиш, (конференция) касаба уюшмаси қўмитаси (касаба уюшмаси ташкилотчиси) томонидан зарурат бўлганда, лекин йилда камида бир марта чақирилади.

Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларида умумий йиғилиш (конференция) ўтказишнинг имкони бўлмаганда ўша муддатларда, смена бўйича йиғилишлар ўтказилиши мумкин.

Бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференцияси)нинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

– касаба уюшмаси бошланғич ташкилот қўмитасининг (ташкилотчисининг), тафтиш комиссиясининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

– фаолиятига доир низомлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек, уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

– касаба уюшмаси бошланғич ташкилот қўмитасини (ташкилотчисини), тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш, уларнинг таркибидан раҳбарлар (раис, раис ўринбосари)ни сайлаш;

– юқори касаба уюшмаси ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган органлари таркибига вакиллар сайлаш, юқори касаба уюшмаси ташкилотларининг конференциялари (қурултойлари)га делегатлар сайлаш.

Йиғилишни чақириш, таҳминий кун тартиби, конференция чақирилганда эса вакиллар меъёри тўғрисидаги қарорни касаба уюшмаси қўмитаси  10 кун  аввал эълон қилади.

Касаба уюшмаси қўмитасининг навбатдаги мажлиси раис ёки унинг ўринбосари томонидан ёки касаба уюшмаси аъзоларининг камида 1/3 қисмининг талаби ҳамда касаба уюшмаси юқори органининг қарори билан чақирилади.

4.8. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг умумий йиғилиш (конференция)лари жорий ишларни олиб бориш учун 5 йил муддатга қуйидагиларни сайлайдилар:

касаба уюшмаси аъзолари 15 нафардан кам бўлган касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида – касаба уюшмаси ташкилотчиси, унинг ўринбосари ва ғазначини;

15 нафар ва ундан ортиқ касаба уюшмаси аъзосини бирлаштирган касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида – касаба уюшмаси қўмитасини ва тафтиш комиссиясини.

500 нафардан кам бўлмаган аъзоларни бирлаштирган касаба уюшма бошланғич ташкилотларида асосий ишидан озод этилган касаба уюшма қўмиталарининг раислари сайланиши мумкин. Асосий ишидан озод этилган касаба уюшма қўмиталарининг раислари сайланган корхоналарда цех касаба уюшма қўмиталари ва гурухлари ҳудудий тарқоқ жойлашган тақдирда касаба уюшма қўмитаси раёсати сайланиши мумкин.

4.9. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти корхона, ташкилот ёки муассасалар қайта ташкил этилган тақдирда, ўз ҳуқуқий мақомини сақлаб қолган ҳолда фаолият кўрсатишни давом эттиради.

4.10. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти касаба уюшма аъзоларининг манфаатларини ифода этади ва уларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилади, бу мақсадда қуйидаги вазифаларни:

юқори касаба уюшмаси рахбар органлари кўриб чиқиши учун ҳужжатлар лойиҳаси ва таклифлар киритади, уларни кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида ахборот олади;

иш берувчилар томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга риоя этишлиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

жамоа шартномаси қабул қилинаётганда (ўзгартирилаётганда) касаба уюшма аъзоси (ходим)нинг манфаатларини ифодалайди, иш берувчи билан меҳнат жамоаси номидан жамоа шартномасини тузади ва унинг бажарилишининг назоратини амалга оширади;

меҳнат жамоасининг ижтимоий ривожланиши жорий ва келгусидаги режаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

корхонанинг меҳнат ҳуқуқий локал ҳужжатларини ишлаб чиқишда қатнашади ва қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда уларни келишади;

жамоавий ва якка тартибдаги меҳнат низоларини ҳал этишда қатнашади;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни ташкил этади, меҳнат жамоасида маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш ишларини олиб боради;

аъзолик бадалларини ўз вақтида ва тўла йиғилиши, ҳисоботларни ҳаққоний олиб борилишини таъминлайди, юқори ташкилотлар билан келишилган ҳолда касаба уюшма ташкилотининг йиллик харажат ва даромадлар сметасини тузади ва тасдиқлайди (аъзолар сони 15 кишигача бўлган бошланғич ташкилотларда смета умумий йиғилиш томонидан тасдиқланади) ҳамда уни бажарилиши тўғрисида ҳисобот бериб туради;

тасарруфига ўтказилган (фойдаланишга берилган) санаторий-профилакторий ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

аъзолик бадалларини мазкур Устав ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати белгилаган тартибда юқори касаба уюшмаси органларига ўз вақтида ўтказади;

ўз қарорлари, юқори касаба уюшмаси органлари қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

касаба уюшмаси аъзоларини касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол иштирок этишга жалб қилади ва шароит яратади, касаба уюшмаси қўмитаси комиссияларини шакллантиради ва уларнинг ваколатини белгилайди;

касаба уюшмаси гуруҳ ташкилоти ва касаба уюшмаси цех қўмиталари ишларига раҳбарлик қилади, уларга ишларини ташкил этишларида амалий ёрдам кўрсатади;

касаба уюшма аъзоларининг рўйхатини олиб боради, фаоллар ўқишини ташкил этади;

юқори касаба уюшмаси органига маслаҳат, ёрдам ва кўмак учун мурожаат қилади, ҳисоботлар ва бошқа ахборотлар тақдим этади;

4.11. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти қўмитаси раиси қўмита мажлислари орасида сўров йўли билан қабул қилинган қарорларга имзо чекади ва уни тасдиқлаш учун қўмитанинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритади.

4.12. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти қўмитаси ўзининг баъзи ваколатларини касаба уюшмаси цех қўмитаси ва касаба уюшмаси гуруҳига бериши мумкин.

Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларида сайланадиган ташкилотчилар касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти қўмитаси ҳуқуқи доирасида касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифода этади ва ҳимоя қилади.

4.13. Касаба уюшмаси цех қўмитаси цех, бўлим, бўлинма, участка ва шунга ўхшашларда касаба уюшмаси ишини ташкил қилади, касаба уюшмаси гуруҳ ташкилотчиларининг ишларини йўналтиради, касаба уюшмаси йиғилиши (конференцияси), касаба уюшмаси қўмитаси, юқори касаба уюшмаси органлари қарорларини бажарилишини таъминлайди.

Цех қўмитасининг мажлислари заруратга қараб, лекин уч ойда камида бир маротаба ўтказилади.

4.14. Касаба уюшмаси гуруҳ ташкилотчиси якка тартибда касаба уюшмаси аъзолари билан иш олиб боради, уларнинг ҳар бирини жамоат ишида фаол қатнашишга жалб этади, ходимларнинг меҳнат ва маиший шароитларини яхшилаш, уларнинг соғлиқларини мустаҳкамлаш ва дам олишларини ташкил этиш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Касаба уюшмаси гуруҳининг мажлислари заруратга қараб, лекин бир йилда камида бир маротаба ўтказилади.

4.15. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти фаолияти, унинг учун касаба уюшмаси аъзоларининг (вакилларнинг) камида 2/3 қисми ёқлаб овоз берганда умумий йиғилиши (конференцияси)нинг қарори билан тугатилиши мумкин ва бу қарор касаба уюшмаси Республика Кеннгаши раёсати қарори билан тасдиқланади..

  V. Касаба уюшмасининг раҳбар органлари

5.1. Касаба уюшмасининг органлари: касаба уюшмаси Қурултойи, касаба уюшмаси Республика Кенгаши, касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати ва касаба уюшмаси тафтиш комиссиясидир.

5.2. Касаба уюшмасининг олий органи касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан беш йилда камида бир маротаба чақириладиган Қурултойдир. Қурултой чақириш, вакиллар сайлаш тартиби ҳамда меъёри ва кун тартиби уни ўтказишдан камида икки ой олдин эълон қилинади. Қурултой аъзоларидан белгиланган тартибда сайланган делегатлардан иборат бўлади.

Навбатдан ташқари Қурултой Республика Кенгашининг (кейинги ўринларда – “Республтка Кенгаши”) ўз ташаббусига кўра ёки Федерацияси Кенгаши Раёсатининг қарорига мувофиқ чақирилади. Уни чақириш тўғрисидаги қарор ва тахминий кун тартиби камида бир ой олдин эълон қилинади.

Қурултой қарорига мувофиқ унга сайланган делегатларнинг ваколатлари навбатдаги Қурултойгача сақлаб қолиниши мумкин.

 5.3. Касаба уюшмаси Қурултойи қуйидаги ваколатларга эга:

 касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш ва тасдиқлаш;

касаба уюшмаси вазифалари ва унинг фаолиятининг асосий йўналишлари, Республика Кенгаши вазифалари, ваколатлари ва ҳуқуқларини аниқлаш;

касаба уюшмаси Устави, Ҳаракат дастури, касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомларни қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;

бир вақтнинг ўзида касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг Раёсатининг аъзоси ҳисобланадиган касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисини беш йил муддатга сайлаш;

Республика Кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларини беш йил муддатга  сайлаш;

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойига делегатлар ва   Федерация Кенгаши таркибига вакиллар сайлаш;

Федерация Кенгаши Раёсати билан келишилган ҳолда касаба уюшмаси тузилмасини белгилаш;

касаба уюшмасини қайта ташкил этиш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш.

Республика Кенгаши раиси ва Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимларига кўра касаба уюшмаси Қурултойларининг делегатлари ҳисобланадилар (Бошланғич ташкилотлар раислари ва ўринбосарлари ҳам ўз ташкилотлари конференциялари делегатлари ҳисобланадилар).

5.4. Республика Кенгаши Қурултойлар орасидаги даврда раҳбар органдир, Қурултойда беш йил муддатга сайланади ва фақат Қурултойга ҳисобот беради.

 5.5. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши қуйидаги ваколатларга эга:

  Федерация Қурултойлари, Федерация Кенгаши ва унинг Раёсати қарорларини ҳамда касаба уюшмаси Қурултойида қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Федерация Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош Келишувга асосланган ҳолда тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда тармоқ келишувини  тасдиқлайди;

тармоқ ходимларига дахлдор ижтимоий-иқтисодий масалалар мажмуаси бўйича Бош Келишувга киритиш учун Федерация Кенгашига таклифлар киритади;

зарур ҳолларда Федерация Кенгашидаги ўзининг вакилларини чақиртириб олиш ва ўрнига янги вакилларни сайлаш, Республика Кенгаши таркибига, касаба уюшмаси тафтиш комиссияси билан биргаликдаги қўшма мажлисда комиссия таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилади (овоз бериш алоҳида ўтказилади);

ушбу уставнинг 14.1-бандида кўрсатилган ҳолларда, касаба уюшмаси Устави ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Қурултойга ўз фаолияти бўйича ҳисобот беради;

касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг фаолияти бўйича ҳисоботини эшитади;

касаба уюшмаси рамзини қонунда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ўринбосарини сайлайди ва лавозимидан озод этади;

Қурултой чақириш тўғрисида қарор қабул қилади;

айрим (шу жумладан, раис ўз ҳоҳишига кўра ёки бошқа ишга ўтганлиги, саломатлиги ёмонлашгани туфайли ўз вазифаларини бажара олмай қолган) ҳолларда Қурултойлар оралиғида Республика Кенгаши раисини сайлайди ва лавозимидан озод қилади;

Қурултойлар оралиғидаги даврда Республика Кенгаши раиси ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган ҳолда, Қурултой ўтказилгунига қадар Республика Кенгаши раиси вазифасини бажаришни унинг ўринбосарига юклаш тўғрисида қарор қабул қилади;

Республика Кенгаши қарори билан Кенгаш ваколатига кирувчи айрим ваколатлар касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатига берилиши мумкин.

Республика Кенгаши мажлиси заруратга қараб, лекин бир йилда камида бир маротаба чақирилади.

5.6.  Республика Кенгаши жорий ва ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ўз таркибидан, ваколати муддатига, касаба уюшмаси Республика Кенгашининг  Раёсатини сайлайди. Раёсат таркибига касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси, унинг ўринбосари ва  Республика Кенгашининг бошқа аъзолари кирадилар.

 5.7. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати ваколатлари:

 касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлислари орасида касаба уюшмаси фаолиятини бошқаради, касаба уюшмаси Қурултойи ва Республика Кенгаши қарорларини бажарилишини ташкил қилади ва назорат этади ҳамда бажарилган ишлар тўғрисида Республика Кенгашининг навбатдаги мажлисида ахборот бериб туради;

касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлисини чақиради, кун тартиби тўғрисида таклифлар киритади, уни ўтказиш жойи ва вақтини белгилайди;

касаба уюшмаси Марказий аппаратининг молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширади;

Федерация Кенгаши Раёсати билан келишган ҳолда касаба уюшмаси Марказий аппаратининг штат жадвали, даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

касаба уюшмаси аъзолари сонидан келиб чиқиб касаба уюшмаси қўмиталарининг ҳақ олиб ишлайдиган ходимлар сонининг меъёрини, касаба уюшмаси қўмиталарининг хўжалик ишидан озод этилмаган раисларига қўшимча тўловлар миқдорини Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга амал қилган ҳолда белгилайди;

касаба уюшмаси Республика Кенгашига тақдим этиладиган ахборот, статистик ва бошқа ҳужжатлар рўйҳатини белгилайди;

касаба уюшмаси Қурултойига сайланган делегатларнинг ваколатларини тасдиқлайди;

Федерация Кенгашининг Эҳтиром Нишони, Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифларни Федерация Кенгашига киритади;

касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга оширади ва ишларини мувофиқлаштиради, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг фаолияти бўйича ҳисоботини эшитади;

Федерация КенгашиРаёсати билан келишилган ҳолда касаба уюшмаси халқаро бирлашмаларига кириш (чиқиш) тўғрисида қарорлар қабул қилади;

касаба уюшмаси бюджетини бошқаради, касаба уюшмаси аъзолик бадалларининг амалдаги тушумидан касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларига қолдириладиган қисмини Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган меъёрлар асосида (фоиз ҳисобида) белгилайди;

касаба уюшмаси ходимлари ва фаолларини ўқитиш, қайта тайёрлашни ташкил этади, касаба уюшмаси ташкилотларининг ижобий тажрибаларини ўрганади ва оммалаштиради;

Уставда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори билан Раёсат ваколатига кирувчи айрим ваколатлар Республика Кенгаши раисига берилиши мумкин.

Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг мажлислари зарур ҳолларда, лекин чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

 VI. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси

 касаба уюшмаси ва унинг сайланма органларини ифода этади;

касаба уюшма номидан ишнчномасиз харакат қилади ва касаба уюшма номидан ишончномалар беради;

касаба уюшмаси Қурултойи, Республика Кенгаши ва Раёсати қарорларини бажарилишининг назоратини ташкил этади;

касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг Раёсати ишини бошқаради, уларнинг масжлисларини ўз вақтида ўтишини таъминлайди, Республика Кенгаши Раёсатини чақиради;

қарор қабул қилинаётганда фикрлар тенг бўлинганда қўшимча овоз ҳуқуқига эга;

масжлислар орасида сўров усули билан қабул қилинган касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарорларига имзо чекади ва уни тасдиқлаш учун Раёсатнинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритади;

мазкур Уставда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида пул маблағлари ва мол-мулкини бошқаради;

касаба уюшмаси Марказий аппаратини шакллантиради ва унинг ходимлари билан меҳнат шартномасини тузади (бекор қилади);

касаба уюшмаси Марказий аппарати ишлари бўйича фармойишлар чиқаради;

касаба уюшмаси сайланма органлари унга ваколат берган бошқа вазифаларни бажаради.

 VII. Касаба уюшмаси  коллегиал рахбар органлари мажлисларини ваколатли бўлиши, қарорлар қабул қилиш ва овоз бериш шакллари

7.1. Қурултой, конференцияларда делегатларнинг камида 2/3 қисми қатнашганда ваколатли деб ҳисобланади.

7.2. Қурултой, конференция делегатларининг ваколатлари Қурултой, конференцияни чақираётган касаба уюшмаси органларининг Раёсатлари (ёки касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлар қўмиталари) томонидан тасдиқланади.

7.3. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари умумий йиғилишлари, касаба уюшмаси коллегиал рахбар органлари мажлислари ишида ушбу ташкилот касаба уюшмаси аъзолари, коллегиал рахбар орган аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса ваколатли ҳисобланади.

Касаба уюшмаси Қурултой, конференция, умумий йиғилиш ва бошқа сайланма органлар мажлислари қарорлари қатнашаётган делегат, йиғилиш қатнашчилари ёки сайланма органлар аъзоларининг ярмидан кўпи овоз берганда қабул қилинган ҳисобланади.

7.4. Овоз бериш (очиқ ёки яширин) шаклини коллегиал рахбар органлари йиғилиш қатнашчилари белгилайдилар.

 VIII. Касаба уюшмаси ташкилотларининг тафтиш комиссиялари

8.1. Касаба уюшмаси ташкилотларининг тафтиш комиссиялари мустақил органлар бўлиб улар тегишли равишда касаба уюшмаси умумий йиғилиши, конференцияси ёки Қурултойида беш йил муддатга сайланадилар.

8.2. Тафтиш комиссиялар ўз фаолиятларини касаба уюшмаси Устави ва Қурултой тасдиқлайдиган касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари тафтиш комиссиялари тўғрисидаги Низомга мувофиқ олиб борадилар.

8.3. Касаба уюшмаси тафтиш комиссиясининг фаолиятини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Назорат-тафтиш комиссияси мувофиқлаштиради ва йўналтиради.

8.4. Тафтиш комиссиялар тегишли равишда умумий йиғилишлар, конференциялар, Қурултойга ҳисоб берадилар.

  IX. Касаба уюшмасининг пул маблағлари ва мол-мулкини шакллантириш манбалари

9.1. Касаба уюшмаси пул маблағлари касаба уюшмаси аъзоларининг кириш ва ойлик аъзолик бадалларидан, хўжалик органларининг ажратмалари, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, хўжалик, ноширлик ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолиятдан келадиган маблағлардан ташкил топади.

9.2. Ойлик аъзолик бадаллари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (стипендиялар)дан камида бир фоиз миқдорида белгиланади.

Касаба уюшмаси аъзосининг аризасига асосан у ўз хоҳиши билан белгиланган миқдордан ортиқ бадал тўлаши мумкин.

Ишламайдиган пенсионерлар аъзолик бадалларини Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ёшга доир пенсиядан бир фоиз миқдорида тўлайдилар. Касаба уюшмасининг вақтинча ишини тўхтатган, 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган аёллар, вақтинча ишсиз қолган (штат қисқариши, корхона тугатилиши ва шунга ўхшашларда), стипендия олмайдиган ўқувчи аъзолари шу давр учун аъзолик бадаллари тўлашдан озод этиладилар.

Маблағлар маданий-оммавий ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларига, касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш, ҳақ олиб ишлайдиган ходимларни сақлаш ва бошқа Устав мақсадларига сметага мувофиқ сарфланади.

9.3. Касаба уюшмаси сметасини тасдиқлаш ва мол-мулкини тасарруф қилиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати билан келишилган ҳолда касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарорига асосан амалга оширилади.

9.4. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотини штат бирлиги, касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори билан тасдиқланган меъёрда, унинг касаба уюшмаси аъзолари сони ҳамда молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Касаба уюшмаси Марказий аппарати штат жадвали Федерация Кенгаши Раёсати билан келишилган ҳолда шакллантирилади ва Республика Кенгаши Раёсати қарори билан тасдиқланади.

9.5. Касаба уюшмаси мулк ҳуқуқи билан ўзига тегишли бўлган мол-мулк ва пул маблағларига эгалик қилади,  фойдаланади ва тасарруф қилади. Пул маблағини исталган банкда устама фоиз ҳисобига сақлаш ва депозитга қўйиш, акциялар сотиб олиш ҳуқуқига эга.

9.6. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг фаолияти тугатилганда унинг мол-мулки ва пул маблағи кредиторларнинг талабини қаноатлантириш учун ишлатилади. Қолган маблағ, касаба уюшмаси Устави белгилаган мақсад ва вазифалар учун сарфланади.

9.7. Пул маблағлари, бинолар, иншоотлар, маданий-оқартув, спорт-соғломлаштириш ва бошқа муассасалар уларнинг ускуналари, жамғармалари, пул маблағлари билан бирга, шунингдек, унга тегишли бошқа мол-мулклар касаба уюшмасининг мулкидир. Касаба уюшмаси ўз мулкларини ижарага бериш ҳуқуқига эгадир.

Касаба уюшмасининг умумий мол-мулки, пул маблағлари бўлинмайди ва касаба уюшмаси аъзосига қайтарилмайди ва ундан фақат Устав мақсадлари йўлида фойдаланилади.

  X. Касаба уюшмасида меҳнат муносабатлари

 

10.1. Касаба уюшма органлари аппаратлари ўз фаолиятини Раёсатда тасдиқланган регламент асосида амалга оширади.

10.2. Сайланма лавозимларга сайланган ходимлар билан 5 йилга муддатли меҳнат шартномалари тузилади. Меҳнат шартномаси умумий йиғилиш, конференция, Қурултой номидан умумий йиғилиш, конференция, Қурултой ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

10.3. Штатдаги касаба уюшмаси ходимларининг шахсий варақалари ва меҳнат дафтарчалари меҳнат шартномаси (контракт) тузилган касаба уюшма ташкилотида сақланади.

  XI. Касаба уюшмасининг ҳисоби ва ҳисоботи

 11.1. Касаба уюшмаси ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини олиб боради ва белгиланган тартибда ўз ҳисоботларини рўйхатдан ўтказган орган, статистика ва солиқ идораларига тақдим этади.

 XII. Касаба уюшмасининг юридик шахс сифатида ҳуқуқлари

12.1. Касаба уюшмаси юридик шахс ҳисобланади ва ўзининг белгиланган намунадаги муҳри, штампи, хос қоғози ва банкларда ўз ҳисоб рақамларига эга бўлиши мумкин.

12.2. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини амалга ошириш учун Устав, Низомларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, фаолиятининг мақсадини, шакл ва услубларини белгилайди, Қурултой, конференциялар, йиғилишлар чақиради ва бошқа тадбирлар ўтказади.

12.3. Касаба уюшмаси белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўзининг рамзи (тимсоли)га эга бўлади.

 XIII. Касаба уюшмасини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби

13.1. Касаба уюшмасини қайта ташкил этиш (бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш) тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси Қурултойида қабул қилинади.

Касаба уюшмасини қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади. Касаба уюшмасини қайта ташкил этишда Қурултой касаба уюшмасининг ҳуқуқий ворисини белгилайди.

13.2. Касаба уюшмасини тугатиш тўғрисида қарор Қурултой ёки суд томонидан қабул қилинади. Тугатиш ҳақида қарор қабул қилган рахбар орган қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш комиссиясини тайинлайди. Кредиторлар талаби қаноатлантирилгандан сўнг қолган мол-мулк касаба уюшмасининг Устави мақсадларига йўналтирилади. Касаба уюшмасининг мол-мулки касаба уюшмаси аъзолари ва ходимлари ўртасида тақсимланмайди.

XIV. КАСАБА УЮШМАСИ  УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

 14.1. Мазкур Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар Қурултой қарори билан киритилади. Амалдаги қонунларга ўзгартишлар киритилган, янги қонунлар қабул қилинган ҳолларда, Қурултойлар оралиғида Уставга ўзгартиш ва қўшимчалар Республика Кенгашининг қарори билан киритилади.

Уставга киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда қайта рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

14.2. Ушбу Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор Қурултойда иштирок этаётган делегатларнинг, Республика Кенгаши мажлисида иштирок этаётган аъзоларнинг камида 2/3 (учдан икки) қисми ёқлаб овоз берган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади.

Print Friendly, PDF & Email


Statistika

ТАКВИМ

fevral 2016
dusecho pay jushan yak
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
29