Тил – миллат кўзгуси!

Бош саҳифа

Тил – миллат кўзгуси!  Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Она тили – миллатнинг руҳидир. Бундан  27 йил  муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди.

Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.

Яқинда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Эндиликда у Мустақиллик байрами каби залворли, нодир ва жонбахш, халқнинг ва давлатнинг қонуний байрамига айланди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида унинг кенг кўламда, тантанали нишонланиши қатъий белгилаб қўйилди.

Буни она тилимизнинг ҳаққоний тантанаси, давлатчилик анъаналаримизнинг юксак тараннуми десак арзийди!

Она тилим – юрак қатимдан
Меҳр бўлиб сочилган жаранг.
Қулоғимга гўдак пайтимдан
Алла бўлиб сингиган оҳанг.
Она тилим – неча асрлар
Курашида енгган полвоним.
Неча аждод, неча насллар
Суйиб ўтган туркий забоним.
Она тилим – дўппи кийган Сўз,
Доим янги йўлча-атласи.
Бир сатрига ташласангиз кўз,
Товланади минг-минг қирраси.
Она тилим – асалчой таъмли,
Булбулталқин, муҳаббатшева.
Лабларимга кўчиргум доим
Талаффузин мен сева-сева.
Она тилим – юрак қатимдан
Меҳр бўлиб сочилган жаранг.
Қулоғимга гўдак пайтимдан
Алла бўлиб сингиган оҳанг…
Print Friendly, PDF & Email