“Коррупция – жамият ривожига таҳдид” мавзусида учрашув ўтказилди

Бош саҳифа

Тармоқ тизимидаги “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятининг “Маърифат ва маънавият хонаси”да корхона бўлим ва цехларида фаолият юритаётган ёш ишчи-ходимлар вакиллари  иштирокида “Коррупция – жамият ривожига таҳдид” мавзусида маданий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Учрашувни ташкил этишдан мақсад ёшлар ўртасида коррупция тушунчаси ва унинг оқибатлари ҳақида тўлиқ тушунча ҳосил қилишдан иборатдир.

Коррупция жамият тараққиётига ғов бўлаётган иллатлардан бири бўлиб, буни барча давлат ва минтақаларда кузатиш мумкин. Шу боис давлатимиз коррупцияга қарши курашишга жиддий эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кучга кирди.

Учрашувда юридик фанлари доктори, профессор Гулчеҳра Маткаримова қатнашувчиларга юртимизда коррупцияга қарши қандай кураш олиб борилаётгани ҳақида батафсил гапириб берди.

Жумладан, 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, Бу қонун бугунги кунда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда. Коррупция нима? Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиши, хизмат ваколатларидан четга чиқиши, таниш-билишчилик, ошна-оғайинчилик, қариндош-уруғчилик асосида иш ташкил қилиб, инсон ҳуқуқларига путур етказиши, айниқса, порахўрлик, таъмагирлик қилиши билан жамиятимиз учун ижтимоий хавфлидир.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истамбул ҳаракат режасига аъзо саналади. Шу билан бирга, мамлакатимизда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

Учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган бир қанча саволларга мутахассисдан атрофлича жавоб олдилар.

Print Friendly, PDF & Email