МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ БЎЙИЧА КЎРИК-ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛДИ

Бош саҳифа

Ўзбекистон Республикаси Президенти, мухтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “Халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган барча ислоҳотларда ишчи-хизматчилар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш” давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланганлиги жойларда ўз ижобий самарасини бериб келмоқда.

Ҳар қандай касб эгаси ўз иш ўрнининг хавфсиз бўлишини, етарли шароит ва имкониятларга эга ташкилот, корхона ва муассасада фаолият юритишни хоҳлайди. Айни талаблар тўла бажарилгандагина мутахассис касбининг моҳир устаси сифатида шакллана олади.

Аммо, юқоридаги ишлар билан бир қаторда, аксарият холларда ҳудудларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ходисалар содир бўлиб келмоқда. Жумладан касаба уюшмаларига аъзо корхона, ташкилот ва муассасаларда 2022 йилда аниқланган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ходисалар жами 208 тани ташкил этган, улардан 59 таси оқибати ўлим билан тугаган, 118 таси оқибати оғир ҳамда 31таси оқибати енгил бахтсиз ходисалар бўлиб, шулардан 17 таси гурухийни ташкил этади. Шундан кимё саноатида 2022 йилда ишлаб чиқариш билан боғлиқ 13та бахтсиз ходиса содир бўлган бўлиб, улардан 2таси ўлим билан, 4 таси оғир ва 7таси оқибати енгил бўлган бахтсиз ходисалар бўлиб, шулардан 1 таси гурухийдир.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходиса ва касб касалликлари билан касалланишини олдини олиш, меҳнат шароитларини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2017 йил 20 ноябрдаги 8-108 “с” – сонли қарори билан тасдиқланган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида” ги Низоми талаблари ижросини таъминлаш юзасидан республика кўрик-танловининг II босқичи ташкил этилди.

Кўрик-танлов иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, шунингдек, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

Ҳайъат томонидан кўрик-танловни ўтказиш жараёнида амалдаги Низом талаблари доирасида корхонадаги меҳнатни мухофаза қилиш ҳолати ва меҳнат шароити тўғрисида ҳар бир номинация бўйича кўрик-танлов қатнашчиси ишини акс эттирувчи кўрсаткичлар, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича тадбирларнинг бажарилиши, меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича сарфланган маблағлар ҳақида таҳлилий маълумотлар ўрганиб чиқилиб, якунда қуйидагилар ғолиб деб топилди:

“Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши корхона” номинацияси бўйича “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ХК;

 

“Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинацияси бўйича “Максам-Чирчиқ” АЖ касаба уюшма қўмитаси;

“Энг яхши меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил” номинацияси бўйича “Максам-Чирчиқ” АЖ Карбамид цехи меҳнат муҳофазаси бўйича вакили Ускенбаев Фаёзиддин Файзиддин ўғли, “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши ёш мутахассис” номинацияси бўйича “Навоийазот” АЖ меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича етакчи мухандиси Шодиев Шерзод Рустамович.

Ғолиблар кўрик-танловни ўтказиш тўғрисидаги Низомга асосан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Тақдирлаш маросимида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Халилова Мавжуда Хамдамовна ўз табриги орқали иштирокчиларга навбатдаги ишларда муваффақият тилаб, ўтказилаётган бу кўрик-танлов  нафақат тармоқда балки республика миқёсида ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ходисаларни олдини олиш, ишчиларга қулай меҳнат шароитларини таъминлашда меҳнат муҳофазасига эътиборни янада оширишни таъкидлаб ўтди.

Касаба уюшма ташкилотининг барча бўғинларида хизмат қилаётган фаолларнинг асосий мақсади, инсон хавфсизлиги, саломатлигини таъминлаш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдан иборатдир. Бу мақсад йўлидаги изланишлар давом этади.

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Шухратилла Рихсибоев

Print Friendly, PDF & Email