ДЕЛЕГАЦИЯ ВАКИЛЛАРИ ТОШКЕНТ ШАҲРИГА САЁҲАТ ҚИЛДИЛАР

Бош саҳифа Янгиликлар

Россиянинг турдош касаба уюшмаси “Росхимпрофсоюз”нинг Татаристон Республикаси ташкилоти вакилларининг Ўзбекистон Республикасига
ташрифи дастурига кўра Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан таништирилди. Хусусан, “Ҳазрати Имом” мажмуаси, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Минор” жомеъ масжиди, Мустақиллик майдони мажмуаси ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.

 Гид бошчилигида амалга оширилган саёҳат барча иштирокчиларга янада қизиқарли бўлди ва уларнинг ҳар бир қизиқтирган саволларига жавоб олишларига имкон берди.

Биринчи манзил “Ҳазрати Имом”  мажмуаси бўлди.

Тошкентнинг эски маҳалласи Себзорда асрлар бўйи қурилиб келган тарихий-меъморий обидаларнинг тўлиқ мажмуасидан иборат  Ҳазрати Имом майдони жойлашган. Олимлар фикрича, бу олдин Шош деб аталган шаҳар маркази бўлган. Тарихий бинолар ансамбли исломнинг  Тошкентдаги биринчи имоми ва тарғиботчиси Қаффол аш-Шоший мозори атрофида пайдо бўла бошлади ва майдонга “Ҳазрати Имом”  номи берилди.

Абубакр Муҳаммад ибн Али Исмоил ал-Каффол аш-Шоший 903 йилда Тошкентда туғилган. Билимни у Бухоро, Самарқанд, Термиз мадрасаларида олган, ва ислом илоҳиёти устунларидан бўлган имомал Бухорий ва Муҳаммад ат-Термизийнинг маънавий издоши деб ҳисобланган. Қаффол аш-Шоший бир неча марта маккага хаж қилган, Дамашқ, Бағдод ва Хижозда бўлган. Саёҳатлари мобайнида замонасининг йирик мусулмон алломалари билан баҳсларда қатнашиб, илоҳиёт бўйича чуқур билимини намойиш қилган. Унинг обрўси шунчалик баланд эдики, араб дунуёсида уни «Буюк имом» деб аташарди. Замондошлари Мовароуннаҳр олимлари орасида унга тенг келадигани йўқ деб ҳисоблашарди. Ватанга қайтгач, у бутун кучини исломни тарғиб қилиш ва шариат асосларини мустаҳкамлашга сарфлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республика Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтда қад кўтарётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ҳам маълумот берилди.

Марказ ўз таркибига кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатларни қамраб олиши билан диққатга сазовардир.   

Истиқлол йилларида мустабид тузуми даврида ҳаробага айлантирилган муқаддас қадамжолар, муҳим тарихий обидаларни қайта тиклаш билан бир қаторда янги анъанавий услубдаги мўътабар масканларнинг бунёд этилиши халқимиз маънавий тараққиётини белгилаб берувчи омиллардандир.

 

Масжидга “Минор” номининг берилиши унинг шу номли маҳаллада жойлашганлиги сабаблидир. “Минор” аслида арабча “манор” сўзидан олинган бўлиб, “маёқ”, “баландлик” каби маъноларга далолат қилади. Мазкур маҳалла оқсоқолларининг айтишича, қадимда бу маҳалла шаҳарнинг бошқа қисмларига нисбатан баландликда жойлашган.

Масжид барча замонавий шарт-шароитлар ва қулайликларга эга. Масжид хонақоҳи, пастки қаватдаги хонақоҳ, имом ва ноиблар ҳамда бошқа барча ходимлар хоналари ҳам замонавий иситиш ва совутиш тизимлари билан таъминланган.

Масжиднинг тўлалигича оқ мармар билан қопланганлиги унга ўзгача гўзаллик, улуғворлик ва ҳашамат бахш этиб туради. Қадимий ва замонавий меъморчилик санъатини ўзида мужассам этган бу иншоот ўзининг мафтункорлиги билан зиёратчиларни ўзига ром этмоқда. Юртимизнинг моҳир ва қўлигул усталари томонидан ишланган эшик-ромлар, ўймакорлик санъати қўлланган нақшинкор устун ва тоқилар зиёратчилар кўзида масжидни том маънода санъат асарига айлантиради.

Шунингдек, масжиднинг атрофи майсазорга айлантирилган квадрат майдончалар билан безалган бўлиб, мазкур майдончаларнинг ичига турфа хил манзарали дарахтлар экилган.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олгандир.

Меҳмонлар, шунингдек, Тошкентдаги бунёдкорликлар билан яқиндан танишдилар.

Шавкат Тоиров, Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси.

 

 

Print Friendly, PDF & Email