ДЕЛЕГАЦИЯ АЪЗОЛАРИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНИНГ ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИЛАР

Бош саҳифа Янгиликлар

Россиянинг турдош касаба уюшмаси “Росхимпрофсоюз”нинг Татаристон республикаси ташкилоти вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти билан учрашувда иштирок этдилар.

Учрашувда Тармоқ Республика кенгаши раиси Мавжуда Халилова, Халқаро ишлар бўлими мудири Яркун Файзуллаев, Ижтимоий-иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаев, Юридик бўлим мудири Ҳамидулла Премқулов ва Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш шўъбаси мудири Гўзал Рзаева иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси олиб борилаётган фаолият ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, Федерация тизимидаги тармоқ ва тасарруфдаги ташкилотлар фаолияти ҳақида айтиб ўтилди. Шунингдек, ЎзКУФ Юридик клиникаси фаолияти билан яқиндан таништирилдилар.

      

 

Шундан сўнг, делегация вақиллари Федерация тасарруфидаги “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Институт ректори, юридик фанлар доктори Иркин Умарахунов институтнинг қайта замонавий кўринишда тикланган биноси ва унинг ўқув шароитлари билан меҳмонларни яқиндан таништирди.

Шу ўринда айтиш керакки, 2020 йил 8 январдаги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 17-05”с” сонли раёсат қарори билан Ўқув марказ “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасаси этиб қайта ташкил қилинди.

Бугунги кунда бинода замон талабларига жавоб бера оладиган 7 та ўқув аудитория, 1 та компьютер хонаси ва кутубхона мавжуд. Булардан ташқари малака ошириш институти 100 кишига мўлжалланган, барча вилоятлар билан онлайн алоқа тизимига эга конференция залига ҳам эга.

Шунингдек, меҳмонлар Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Саёҳат сари” меҳмонхонаси билан ҳам танишдилар ва у ерда касаба уюшмаси фаоллари учун яратилган шароитларни кўздан кечирдилар.

Print Friendly, PDF & Email