Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковнинг «Мамлакатни ижтимоий ривожлантиришда касаба уюшмалари ёшларининг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган Н У Т Қ И

Бош саҳифа

Ассалому алайкум, азиз форум қатнашчилари ва меҳмонлар!
Биз жиддий тайёргарлик кўрган «Темп-2019» — Касаба уюшмалари ёшларининг халқаро форуми муваффақиятли бошланди. Ушбу форум бешинчи марта ўтказиляпти ва у яхши анъаналарга эга бўлишга улгурди.
Форумдаги иштирок бизга нафақат янги ахборотлар билан танишиш имконини беради, балки муаммоларни чуқур кўра олиш, уларга ностандарт ечимлар топиш ва энг асосийси, ўз фаолиятимиз ҳамда жамоамиз учун ­масъулиятни зиммамизга олишга ўргатади.
Бу ўта аҳамиятга молик сифатлар ва уларни ҳар бир ёш, айниқса, касаба уюшмаси етакчиси ўзида тарбияламоғи лозим.
Қадрли дўстлар!
Ёшлар билан ишлаш айниқса биз учун жуда муҳим. Чунки тобора ўсиб бораётган Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ташкил этади.
Сизларга, сизларнинг ёниб турган кўзларингиз ва жўшқинлигингизга боқиб, биз – катта авлод вакиллари бир вақтнинг ўзида қувонч ва ҳавасни ҳис қиламиз.
Чунки сиз ўз юртингиздаги бунёдкорлик жараёнларида иштирок этиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга шахсий ҳиссангизни қўшиш имкониятига эгасиз.
Бугун илмий-техника тараққиёти ва рақамли технологияларнинг энг сўнгги натижаларидан сиз унумли фойдаланмоқдасиз. Бир пайтлар уларнинг биронтаси катта авлод вакилларининг ҳатто тушига ҳам кирмаган эди.
Бизнинг бугунги энг муҳим вазифамиз ва бевосита мажбуриятимиз – ёшлар учун ўз салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш, замон талаблари даражасида билим ва касб малакасини ошириш устида ишлаш учун энг қулай имкониятлар яратишдан иборатдир.
Ўзбекистон учун «Ёшлар – бизнинг келажагимиз» деган сўзлар – бу шунчаки чиройли шиор эмас, балки у асосий ғоя, бизнинг давлат сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлиб, миллий Стратегиямиз ва ҳаракатларимизни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бунда ҳал қилувчи роль ўзбек ёшларига тегишлидир.

Сизларга маълумки, бугун бизнинг мамлакатимизда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита бошчилигида ҳаётимизнинг барча соҳаларини ислоҳ қилиш ва янгилашнинг кўлами ва йўналиши бўйи­­ча ўхшаши йўқ улкан дас­тур амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда ҳар бир киши қабул қилинаётган тарихий фармонлар ва қарорлар, жалб қилинаётган хорижий инвестициялар, энг илғор жаҳон технологиялари асосида кенг миқёсда бунёд этилаётган минглаб янги корхоналар, уй-жойлар ва бош­­қа ижтимоий инфратузилмалар ҳақида фахр ва ифтихор билан сўзлаб беради. Демократик ўзгаришлар ҳар куни содир бўлмоқда, бутун ўзгаришлар жараёни доимий ҳаракатда.
Ҳар қандай мамлакатда ҳар жиҳатдан етук авлодни тарбиялаш масаласининг муваффақиятли ечими кўп­лаб омилларга боғлиқ бўлиб, улар давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг доимий диққат-эътиборида бўлиши ва яқин ижтимоий шериклик асосида ҳал қилиниши лозим.
Шуни инобатга олган ҳолда, шу йилнинг март ойида давлатимиз раҳбари Шавкат ­Миромонович Мирзиёев мамлакатнинг ижтимоий ривожланишида ёшларнинг ролини оширишга доир бешта муҳим ташаббусни илгари сурди.
Биринчи ташаббус: ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига бўлган қизиқишларини кучайтириш.
Иккинчи ташаббус: ёшларни спортга қамраб олиш, бунинг учун зарур бўлган шароитларни яратиш.
Учинчи ташаббус: аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш.
Тўртинчи ташаббус: ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш.
Бешинчи ташаббус: ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш.
Ҳар бир ташаббус бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ҳурматли Форум қатнаш­чилари!
Ёшлар билан ишлашнинг пировард мақсади – уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини очиш, фуқаролик масъулияти ва амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларга дахлдорлигини кучайтиришдан иборатдир.
Ёшларнинг бунёдкорлик ва тадбиркорлик фаоллигини рўёбга чиқариш учун зарур ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий шароитлар яратилгандагина ушбу мақсадга эришиш мумкин.
Ўзбекистон – меҳнат бозори учун катта демог­рафик юкламали мамлакат бўлиб, ҳар йили 500 мингдан ортиқ навқирон авлод вакили катта ҳаётга қадам қўяди ва бандликка эҳтиёж сезади.
Маълумки, ёшлар меҳнат бозорида ўзига хос хусусиятларга эга. Йигит ва қизларнинг ўқишни тугатиб, меҳнат фаолиятига мустақил равишда ўтиши билан боғлиқ мушкулликлар мавжуд.
Бу муаммоларни ҳал қилиш учун Ўзбекистонда амалий қадамлар ташланмоқда, улар:
биринчидан, таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш учун иш жойларини квоталаштириш;
иккинчидан, янги иш жойларини яратишга давлат буюртмасини шакллантириш;
учинчидан, ёшларнинг максимал бандлигини жорий этиш.
Шу маънода давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган ва ёшлар бандлигини комплекс равишда таъминлашга қаратилган «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури ҳар жиҳатдан ноёбдир.
Ҳурматли Форум иштирокчилари ва меҳмонлар!
Бизнинг мамлакатимизда давлат ва касаба уюшмаларнинг ёшлар сиёсати тўлалигича бир-бирига мос келади. Бу эса меҳнат билан банд бўлган ва илм олаётган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касаба уюшмаларига жалб қилиш, касаба уюшмалари фаолларини тайёрлаш ва улар сафини ёшлар билан тўлдириш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ишини сезиларли равишда енгиллаштиради.
2008 йилда касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар кенгаши ташкил қилинган эди, 2017 йилда у Ёшлар бирлашмасига айлантирилди ва ўз фаолиятини барча тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари бирлашмаларида амалга оширмоқда. Ёшлар бирлашмаларининг раислари касаба уюшмалари органлари раҳбарларининг маслаҳатчилари саналишади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар бирлашмасининг ташаббуси билан ёш ходимлар ва талабаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Доимий тарзда «Энг фаол ёш мутахассис», «Ўз касбининг энг фаол ва моҳир эгаси», «Энг масъулиятли ёш иш берувчи», «Меҳнат ҳуқуқи билимдони» ва бошқа номдаги танловлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар йили талабалар учун касаба уюшмалари стипендияси, иқтисодиёт, ҳуқуқ ва саноат хавфсизлиги соҳасида ёш олимлар учун грантлар ажратилади.
Ёшлар билан ишлашнинг энг муҳим йўналишларидан бири ходимларнинг аниқ эҳтиёжлари жамоа шартномасида доимий равишда ҳисобга олинишидир.
Ёш ходимлар учун жамоа шартномасида қуйидаги аниқ чоралар кўзда тутилади:
биринчидан, уй-жой қурилиши, узоқ муддатга фойдаланиш учун сотиб олинадиган маҳсулотлар, шунингдек, мобиль чақириқ захирасида хизматни ўташ учун фоизсиз ссудаларни тақдим этиш;
иккинчидан, олий ўқув юртларида ўқиш учун контракт пулини тўлаш учун молиявий кўмак бериш;
учинчидан, ёш мутахассислар учун уй-жой ижараси харажатларини тўлаш;
тўртинчидан, турмуш қуриш вақтида, шунингдек, бола парвариши бўйича таътилда бўлган даврида моддий ёрдам кўрсатиш;
бешинчидан, 3 ёшгача бўлган болалари бор ёш оналарнинг иш вақтини қисқартириш;
олтинчидан, аёллар учун ҳомиладорлик ва туғуруқ бўйича таътилни чўзиш;
еттинчидан, чет тилларини ўрганиш харажатлари иш берувчи томонидан қоп­ланиши ва бошқалар.
Қадрли меҳмонлар!
Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳалари билан танишиб, ёшларимиз ва касаба уюшмалари фаоллари билан мулоқот жараёнида, олиб борилаётган бунёдкорликлар кўламини ўз кўзларингиз билан кўриш ва баҳолаш имкониятига эгасиз.
Ялпи ва секциялардаги мажлислар давомида таж­риба алмашинуви, қимматли маслаҳатлар ва таклифлар учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Чунки бу бизга ўз фаолиятимизни такомиллаштириш, ислоҳотларимизни муваффақиятлироқ ва самаралироқ амалга оширишга ёрдам беради.
Сўзим якунида барча иштирокчиларга касаба уюшмалари ёшларини мамлакатларимиз ва халқларимиз олдида турган ижтимоий масъулиятли вазифаларни ҳал этишга сафарбар қилишда катта муваффақиятлар тилаб қоламан.
Эътиборингиз учун ташаккур!

 

Print Friendly, PDF & Email