Конституция – ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий кафолати

Бош саҳифа

Конституция – инсон ҳуқуқи ва манфаатлари ифодаси сифатида демократик қадрият, анъана ва ижтимоий адолатни қарор топтиришда, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши ҳамда миллий тотувликни таъминлашда бош омилдир.

Бош қомусимиз мазмун-моҳиятини халқимиз онгига сингдириш, уларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш, эришаётган ютуқларини кенг тарғиб этиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган тадбирларнинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари томонидан тармоқ тизимидаги корхоналарида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигини кенг нишонлашга бағишланган “Конституция – ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий кафолати” мавзусида “Навоийазот” АЖ, “Навоий электркимё заводи” АЖ-ҚК, “Деҳқонобод калий заводи” МЧЖда давра суҳбатлари ташкил этилди.

Давра суҳбатида Бош қомусимизнинг мазмун-моҳияти ва устувор тамойиллари ҳақида сўз юритилар экан, унда, биринчи навбатда, инсон манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда мамлакатимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришилган барча ютуқлар Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқлар туфайлидир.   Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ўзида акс эттирган.

Тадбирда Конституция ижтимоий ҳимоянинг муҳим пойдевори экани эътироф этилди. Шу аснода кейинги йилларда жамиятнинг муҳим бўғини ҳисобланмиш оила, айниқса, ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоялаш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш каби муҳим масалаларга катта эътибор қаратилмоқда. Оиладаги вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳуқуқларидан то кексалар, ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифадаги фуқароларнинг муҳофазасига доир нормалар ҳам Конституциямизда ўз ифодасини топган. Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг муносиб ва фаровон ҳаёт кечириши, фаол меҳнат қилиши учун барча шароитни яратиш Конституциямизнинг асосий моҳиятини ташкил этади. Унда ҳар бир шахснинг меҳнат қилиши, эркин касб танлаши, адолатли меҳнат шароитларида ишлаши ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиши, дам олиши,  меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиши, малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, билим олиши ва бошқа бир қатор ҳуқуқлари кафолатланган.

Print Friendly, PDF & Email