Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Бош саҳифа

   2018 йилнинг 5 апрель куни Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Республика Кенгаши раиси Мавжуда Халилова олиб борди. Йиғилишда кун тартибидаги биринчи масала Тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” дастури ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида  батафсил тўхталиб ўтилди.

  Хусусан, Кенгаш томонидан 2018 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”  давлат дастурида ва Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, дастур ижроси босқичма-босқич таъминланмоқда.

  Ушбу дастурни бажариш мақсадида тармоқ тизимидаги корхоналарда ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимлар, ёлғиз кексалар, ёш оилалар, ногиронлар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратиш, маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш йўналишларида тадбирлар белгилаб олинди.

  Ушбу дастур тадбирларга биноан, ҳар бир корхона ва ташкилотлар молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, амалдаги жамоа шартномаларига иш берувчилар билан келишилган ҳолда қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилган.

  Жумладан, Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш хамда жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришда касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқдалар.

   Тармоқ тизимидаги корхоналарда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” талабларининг бажарилишида жамоат ташкилотлари ролини оширишга оид  мавзуларда амалий семинарлар ўтказилди.

  Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамизнинг Самарқанд, Сирдарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида ходимлар билан Меҳнат соҳасидаги асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқларга оид Халқаро меҳнат стандартларининг мазмун-моҳияти  бўйича давра суҳбатлари ташкил этилди.

  Тадбирларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда битирувчиларни ишга жойлаштириш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш оилалар учун муносиб турмуш шароити яратиш, корхона меҳнаткашлари билан соҳага оид долзарб муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўриш масалалари юзасидан фикрлар алмашилди.

   Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар олиб борилди.

  Меҳнат муносабатлари соҳасида халқ билан мулоқотни ташкил этиш, жойлардан олинган муаммоли масалаларни самарали ҳал этиш мақсадида Республика Кенгашининг “Ишонч телефони”га, Касаба уюшмалари Федерацияси портали орқали бўлган мурожаатлар бўйича юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган.

   2018 йилнинг I-чораги давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилган.

  Корхоналарда ходимларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказишлари, уларнинг маънавий озуқа олишлари, бой маданиятимиз ва тарихий меросимиз билан яқиндан таништириш мақсадида концерт, театр, музей, кино ва кўргазма залларига ташрифини  уюштирилди.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017  йил 28  декабрдаги ПФ–5290-сонли “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармонига биноан,  тизимдаги корхоналарда касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан 8 Март – Хотин-қизлар, Наврўз  байрамлари арафасидаги дам олиш кунларида 1200 нафардан  зиёд кекса ва ногиронларга, меҳнат фахрийларига, ишчи-ходимларга республиканинг тарихий шаҳарларига ва ўз худудларидаги зиёратгоҳларга саёҳат ташкил этилди.

 Бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини меҳнат жамоаларида ишчи-ходимларга атрофлича тушунтириш мақсадида ҳар ойда маънавият соатлари, давра суҳбатлари ва махсус маърузалар ўтказиб борилиши таъминлаганлиги хусусида таъкидланди.

    Раёсат йиғилиши давомида шунингдек, кун тартибидан ўрин олган бошқа қатор масалалар, шу жумладан, “Жамоа шартномаларининг 2017 йилда бажарилишига оид 2-ЖШ шакли бўйича ҳисоботлар якунлари”, “Тармоқ касаба уюшмасининг 2017 йил давомида касаба уюшмаси бюджетининг ижроси”, “Сурхондарё вилояти “Агрокимёхимоя” ҲАЖ да меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилган ишларнинг натижалари ” тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама этилди.

   Раёсат йиғилишида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Print Friendly, PDF & Email