Давлатимиз мустақилликка эришган илк йилларидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш масаласи асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Ниҳоят кўп изланишлар ва халқ муҳокамасидан сўнг 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинди. Давлатимизнинг Асосий Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик йилларида ҳаёт синовидан ўтиб, миллий давлатчилик ва унинг демократик тамойиллари асосида қурилган сиёсий ҳамда иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўтаб келмоқда.
Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда Маънавият соатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, унда Бош қомусимиз мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқларимиз, бугунги осойишта ҳаётимиз ва буюк истиқболимизнинг муҳим асоси эканлиги эътироф этилмоқда. Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг норма ва тамойиллари ҳаётга татбиқ этилиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилаётган асосий Қонунимизнинг аҳамияти ҳаётий мисоллар билан тушунтирилиб берилмоқда. Конституцияда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар асосида мамлакатимизда қонунчилик тизими, давлат ва нодавлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шакллантирилди ва янада такомиллаштирилиб борилмоқда.
Тармоқдаги “Фарғонаазот”, “Навоийазот”, “Аммофос Максам” АЖлари, “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонаси, Тошкент Кимё технология институти, “Ангрен кимё саноати” ва “Қўнғирот кимё саноат” касб-хунар коллежларида байрам арафаси тадбирлари ташкиллаштирилмоқда. Жумладан, “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси томонидан “Конституция – Бош қомусимиз” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Айтиш керакки, тадбир иштирокчилари Конституциянинг мазмун-моҳияти, касаба уюшмалари фаолиятидаги ўрни ва аҳамияти ҳамда юртимизда амалга оширилаётган меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги ислоҳотлар борасидаги маърузаларни катта қизиқиш билан тинглашмоқда. Энг муҳими мавзу юзасидан ўз фикрлари ва қизиқтирган саволлари билан фаол иштирок этишмоқда.
Дарҳақиқат, Конституция бу – ҳаётимизнинг гўзал ва обод бўлиши, давлат чегараларининг дахлсизлиги ва халқимизнинг нурафшон ҳаётининг таъминлаб берувчи Бош қомусимиздир.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: