Ёшлар бирлашмасининг мақсад ва вазифалари

Бош саҳифа

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўзининг Ёшлар бирлашмаси Низомини ишлаб чиқди ва унинг тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан ёш ишчи-ходимлар билан йиғилишлар  ўтказмоқда. Республика Кенгаши  ходимлари иштирокида “Навоийазот” акциядорлик жамиятида фаолият юритаётган ёш ишчи-ходимлар билан навбатдаги йиғилиш ўтказилди.

 

 

Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар бирлашмасининг мақсад ва вазифалари, концепцияси ва низоми ҳақида ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг Ёшлар бирлашмаси низомининг мазмун-моҳияти, унда  ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлилиги айтиб ўтилди. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Саидоқил Тўхтаев бирлашманинг ёш ишчи-ходимлар ўртасидаги ўрни, ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш борасида режалар, дастурлар ва тавсиялар ишлаб чиқиши, уларни тасдиқлаш ва амалга оширишни таъминлаши, ёшларнинг меҳнат муносабатларига оид билимларини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилганлигини айтиб ўтди. -Шу орқали ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига, фаолиятга ёш, билимли, интилувчан мутахассисларни жалб этилишига эришишдир-, дейди у.

 

“Навоийазот” АЖ касаба уюшма ташкилоти раиси Тўлқин Рўзимуродов сўзга чиқиб, заводнинг бугунги фаолияти, унда ёшлар учун яратиб берилаётган қулайлик ва имкониятлар ҳақида гапириб, бугун замонавий билимларга эга бўлган етук кадрларга зарурият ошиб бораётганлиги ва бу борада ёшларнинг ўрни ҳақида сўзлади.

                  

Йиғилишда, шунингдек бошқа бир қатор масъуллар сўзга чиқдилар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапириб ўтдилар. Бу борада ёшлардан фаоллик талаб этилиши, уларнинг жамиятда ва иш фаолиятида ўз ғоялари ҳамда ишланмалари билан иштирок этишлари қўллаб-қувватланиши таъкидлаб ўтилди. Қолаверса ёшларга оид янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда уларнинг фикр-мулоҳазалари муҳим аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.

Print Friendly, PDF & Email