УСТОЗ АЗИЗ, УСТОЗ МЎЪТАБАР!

Бош саҳифа

Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро Президентимизнинг таълим-тарбия соҳасига, илм-фан ривожига алоҳида эътиборини ҳис қилиб келаётгани ҳақиқат. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А.Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида – «Биз юртимизда 1 октябрь санасини ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида умумхалқ байрами деб эълон қилганимизнинг чуқур маъноси бор, албатта.

Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтироми намунасидир», дея айтган фикрлари Сиз азизларга берилган юксак баҳо, десак муболаға бўлмайди»,  дея таъриф берилган.

Бундан кўриниб турибдики, диёримизда баркамол авлод тарбияси ва ёшларнинг мукаммал таълим олишлари йўлида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳеч биримизни қувонтирмай қолдирмайди.

Бу ютуқларга эришишда албатта илм-фан фидойилари бўлган устоз ва мураббийларнинг заҳматли ва шарафли меҳнати ётади. Улар нафақат билим берадилар, балки ёшлар қалбига Ватанга муҳаббат, дўстлик, ҳалоллик каби инсоний фазилатларни ҳам сингдириб борадилар. Уларнинг ягона мақсади – эртанги фаровон ҳаётимиз учун ҳар томонлама етук шахсларни камол топтириш, муносиб ворисларни тарбиялашдир.

Юртимизда бу қутлуғ сана – 1 октябрь кунини умумхалқ байрами сифатида катта тантана билан кенг нишонлаш яхши анъанага айланган.

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги Тошкент Кимё-технология институти,  Ангрен кимё саноати касб-ҳунар коллежи ва Қўнғирот кимё саноат касб-ҳунар коллежларида ҳам устозлар кунига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Жумладан, 2017 йил 30 сентябрь куни Тошкент Кимё-технология институтининг ноорганик моддалар кимёвий технологияси факультети мажлислар залида байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда институтда кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийлар институт ректорининг “Олий таълим фидойиси” фахрий ёрлиғи ва институт Касаба уюшмасининг қимматбаҳо совғалари ва гулдасталар билан тақдирландилар. Илмий Кенгашда меҳнат фаолиятига 75 йил тўлган “Тиллар” кафедраси доценти, 2-жаҳон уруши фронт орти фахрийси, педагогика фанлари номзоди Елина Наталья Петровна байрам билан қутланди ва институт раҳбарияти томонидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши педагоги” номинацияси ғолиби доцент Шернаев Анвар  диплом ва ойлик маошининг 10 баробари миқдорида мукофотланди.

Бундан ташқари, байрам муносабати билан Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан институтда кўп йиллардан бери ёш авлодга кўз нури, қалб қўрини бериб таълим-тарбия соҳасида фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ фидоий профессор-ўқитувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Тадбирнинг маънавий-маърифий қисмида талабалар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, халқимиз севган санъаткорларнинг дилрабо қўшиқлари, Ўзбек миллий академик драма театрининг бир гуруҳ санъаткорлари ўз табриклари билан иштирок этдилар. Байрам давомида дастурхонга ош тортилди.

Print Friendly, PDF & Email