КАФОЛАТЛАР ЯНАДА ОРТАДИ

Бош саҳифа

Мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ҳар йили бандлик дастури доирасида минглаб янги иш ўрни яратилаётгани юртдошларимиз манфаатига хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 22 сентябрда имзолаган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Мазкур қонунда касаба уюшмалари ваколатлари кучайтирилди. Бу тизим вакили меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларнинг бузилишини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритиши, иш берувчиларнинг мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиши мумкин.

«Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» УК Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан касаба уюшма фаоллари учун мамлакатимизда меҳнат муҳофазасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинарда бу ҳақида алоҳида таъкидланди.

Семинарда соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенцияларини ҳаётга татбиқ этишга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

2016 йил 12 октябрда қабул қилинган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда касаба уюшмалари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди. Якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳунармандлар ва бир марталик ишларда банд шахслар учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ бирлашиш эркинлиги кафолатлари мустаҳкамланди. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларга ҳам касаба уюшмаларига қўшилиш ҳуқуқи берилиб, хусусий секторда меҳнат қилувчи шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлиги оширилган.

Семинарда бу каби ҳуқуқий асослар ижтимоий меҳнат соҳасида касаба уюшмалари фаолияти эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаши қайд этилди. Ўз навбатида, бу фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтиради. Соҳада қонунийликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Семинарда касаба уюшма фаолларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan