ЁШЛАР САЙЛОВ ЖАРАЁНИДА ФАОЛ ҚАТНАШМОҚДА

Бош саҳифа

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика Кенгаши, “Навоийазот” АЖ касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловда илк бор иштирок этаётган ёш сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида семинари бўлиб ўтди.

Давра сухбати кўринишида уюштирилган тадбирда цехларда ишлаётган ёш ходимлар, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ўринбосари С.Тўхтаев, бош юрисконсульт А.Хасанбаев, “Навоийазот” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Т.Рўзимуродовлар томонидан мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, юртимиз ҳаётининг барча жабҳасини тубдан янгилаш ҳамда модернизация қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиб келинаётгани, халқаро демократик стандартларга тўла мос бўлган сайлов тизими яратилганлигини алоҳида таъкидланди.

– Ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаси тузилган бўлиб, барча қулайлик яратилган, – дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Т.Рўзимуродов. – корхонамизга бириктирилган участкаларда сайловчиларининг 50 фоизига яқинини ёшлар ташкил этади, биринчи марта овоз бераётганлар эса 3 мингдан ортиқ. Уларнинг сайлов ҳуқуқини тўла рўёбга чиқариш учун алоҳида тайёргарлик кўрилди. Она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилди. Айни чоғда касаллиги ва бошқа узрли сабабларга кўра, сайлов участкасига келолмайдиган сайловчиларнинг рўйхати шакллантирилди. Умуман, мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу ижтимоий-сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Мақсадимиз сайловни умумэътироф этилган халқаро андозалар даражасида ўтказишдан иборатдир.

Семинарда тадбир ташкилотчилари томонидан ёшларга истиқлол йилларида яратилган миллий сайлов тизими, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун, унга сўнгги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, шу жумладан, сайловчиларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари ва эркинликлари атрофлича тушунтирилди.

– Сайловга тайёргарлик кўриш даврида аҳолининг ҳуқуқий ва сайлов маданиятини янада юксалтиришга қаратилган ташвиқот ишлари изчил олиб борилмоқда, – дейди Республика Кенгаши раисининг ўринбосари С.Тўхтаев. Ёшларнинг сайлов жараёнидан хабардорлик даражасини янада ошириш доимий эътиборимизда. Давра сухбати кўринишида бўлиб ўтган семинар бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтиришда айни муддаодир. Негаки, биз тадбир асносида олдимиздаги долзарб вазифаларни ўзимиз учун яна бир бор белгилаб олдик.

Тадбирда жамиятни янада янгилаш ва демократлаштириш фуқаролар сайлов ҳуқуқи амалга оширилиши билан узвий боғлиқ эканлиги  қайд этилди. Шу боис сайлов жараёни барча босқичидан сайловчиларнинг хабардор бўлиши, уларнинг ҳуқуқий маданиятини, жумладан, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш муҳим ҳисобланади. Бу эса уларнинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тўлақонли риоя этишлари ва сайлов куни ўз хоҳиш-иродаларини эркин ифодалашларини таъминлайди.

Сайловга тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида корхона касаба уюшмаси томонидан тасдиқланган тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига биноан, аҳолининг ҳуқуқий ва сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган ташвиқот ишлари изчиллик билан олиб борилаётгани ҳам семинар иштирокчиларининг диққат-эътиборида бўлди. Бундан ташқари, уларнинг сайлов жараёнидан хабардорлик даражасини янада ошириш мақсадида цех касаба уюшмаларида “Мен шахсан ўзим овоз бераман!”, “Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз!”, “Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор!”, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?” деган мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan