Касба уюшмаси фаолиятининг 2016 йилдаги устувор вазифлари белгилаб олинди

Бош саҳифа Янгиликлар

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Республика Кенгаши раиси Мавжуда Халилова олиб борди. Йиғилишда кун тартибидаги биринчи масала Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг 2015 йил давомидаги фаолияти якунлари ҳамда Республикани 2016 йилда ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойи, тармоқ касаба уюшмасининг II Қурултойи қарорларидан келиб чиққан ҳолда тармоқ касаба уюшма ташкилотларининг 2016 йилдаги вазифалари хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, Кенгаш томонидан 2015 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Меҳнат қонунчилигига ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид норматив хуқуқий хужжатлари лойиҳаларини  ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига тақдим этилди. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Кексалар, ногиронлар ва ахолининг бошқа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисида Қонуни” лойиҳаси ҳамда, “Ўн олти ёшгача бўлган болаларни ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом” лойиҳаси бўйича таклифлар берилди. Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунини ахоли ўртасида тарғибот қилишга қаратилган  ишлар олиб борилди.

Ҳисобот йилида тармоқ касаба уюшмаси органларига юридик ва жисмоний шахслардан жами 2659 та мурожаат билдирилган. Шулардан 2010 та ёзма, 587 та оғзаки, “Ишонч телефони” орқали 61 та мурожаат бўлган. Мурожаатлар мазмуни бўйича моддий ёрдам ва йўлланмалар бериш, иш ҳақи тўловлари ва иш вақти, ишдан бўшаш ва интизомий жазо чоралари қўллаш, меҳнат мухофазаси мавзусида бўлган.

Республика Кенгашининг Ишонч телефони орқали фуқаролардан билдирилган 61 та мурожаатнинг барчаси бўйича амалдаги қонунчилик асосида тушунтириш ва тавсиялар берилди. Келиб тушган 10 та ёзма мурожаат ўз муддатида кўриб чиқилиб, натижаси бўйича хат муаллифларига ёзма равишда хабар юборилган.

Ҳозирги кунда тизимда 2014-2016 йилларга учун тузилган Бош келишув андозасига мувофиқлаштирилган ҳолда 2015-2017 йиллар учун тузилган Тармоқ (тариф) келишувлари ва корхоналарда жамоа шартномалари тузилган ва амал қилмоқда.

Тармоқ касаба уюшма ташкилотлари томонидан иш берувчилар билан ижтимоий шерикчилик тамойили асосида ҳамкорлик муносабатларни ўрнатиш ҳамда амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган меъёрлар ва талабларни жамоа шартномалари орқали амалиётга жорий этиш борасида сезиларли ишлар қилинди.

Амалдаги келишув ва жамоа шартномаларида қонун ҳужжатлари назарда тутилган, шунингдек тармоқ бўйича энг кам ва ўртача иш ҳақи, иш ҳақи фондининг тариф қисми, устамалар, компенсация тарзидаги рағбатлантирувчи тўловларнинг турлари ва уларнинг энг кам миқдори, йиллик асосий ва қўшимча таътилнинг энг кам муддати каби кўрсаткичлар белгилаб қўйилгани соҳа ходимлари ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида юртимизда шаклланган азалий қадриятларнинг мазмун-моҳиятини, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли акциялар ўтказиш орқали эҳтиёжманд фуқаролар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишлар тизимли равишда олиб борилди.

Ҳисобот йилида «Кексаларни эъзозлаш йили» дастурининг ҳаётга татбиқ этилишида касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланди, Дастур ижросини таъминлаш учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида қарийб 79 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Ҳисобот йилида «Кексаларни эъзозлаш йили» дастурининг ҳаётга татбиқ этилишида касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 4905 нафар фуқарога ва 2546 та оилага жами 6 млрд. 511млн. сўмлик ижтимоий кўмак берилди.

Кексалар, авваламбор, уруш қатнашчилари ва Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш миқёсини ошириш мақсадида касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан бир қатор ишлар олиб борилди. Жумладан: “Қўнғирот сода заводи”, “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” УКлари, “Биокимё”, “Аммофос-Максам”, “Навоий электрокимё заводи” АЖлари ва кўпгина бошқа ташкилотларда  кексалар, уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари билан турли учрашувлар, давра суҳбатлари, ижодий кечалар ташкил этилди.

Фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, таъминлаш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-профилакторийларида имтиёзли йўлланмалар билан соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Навоийазот” АЖ томонидан ётоқхоналарда истиқомат қилаётган корхона ишчи-ходимларининг 570 нафари ва нафақахўрларнинг 71 нафарига, жами 640 кишига коммунал тўловлари қисман тўлаб берилди. Мустакиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан иккинчи жахон уруш қатнашчилари, меҳнат фронти фаҳрийлари, якка-ёлғиз пенсионерлар, ишлаб чиқариш ногиронлари ва ишлаб чиқаришда вафот этган 83 нафар ишчи-ходимлар оиларига озик-овқат тўпламлари ажратилди.

Корхонага қарашли тиббий санитария қисмига мурожаат килган ҳар бир қария ва нуронийларга алоҳида эътибор қаратилиб, мухатассислар томонидан текширувлар ўтказалиб, керакли даво муолажалари ва тавсиялар берилди. Жумладан, 2254 нафар ишчи ходимлар ва 147 нафар кекса меҳнат фахрийлари даврий тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ҳисобот йилида Федерация Кенгашининг Ўқув режасига асосан тармоқ тизимидаги касаба уюшмалари кадрлари ва фаоллар ўқувини ташкил этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2015 йил давомида ойида тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларининг 20 нафарга яқини Федерация Кенгашининг Ўқув марказида ўз малака ва билимларини оширди.

Фаолияти намунали йўлга қўйилган тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларини аниқлаш ҳамда рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Федерация Кенгаши томонидан ташкил этилиб келинаётган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови 2 босқичда ўтказилди.

Кўрик-танловнинг тармоқ республика босқичига тақдим этилган ҳужжатлар Республика Кенгаши комиссияси томонидан Федерация Кенгашининг Низоми ва баҳолаш мезонлари асосида таҳлил қилиниб, “Максам-Чирчиқ” АЖ бошланғич касаба уюшма ташкилоти тармоқ республика босқичи ғолиб деб топилди ҳамда Федерация Кенгашининг якуний босқичида эътироф этилиб фахрли ўрин билан мукофотланди.

Мамлакат мустақиллиги мустаҳкамлаш ишларида, кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштироки, меҳнаткашларининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш касаба уюшмалари нуфузини оширишга салмоқли хиссалари учун “Аммафос Максам” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Содиқов Баҳодир Багирович ҳамда “Навоийазот” акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси Рўзимуродов Тўлқин Сиддиқовичлар Федерация Кенгашининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди.

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика Кенгаши томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида «Энг фаол ёш кимёгар» танлови ўтказилди.

Танловда иқтисодиётнинг кимё соҳасида фаолият юритаётган 50 га яқин ёш мутахассислар иштирок этдилар, танловнинг тармоқ республика босқичида барча иштирокчилар ташкилотчиларнинг диплом ва совғалари билан муносиб рағбатлантирилдилар.

Танлов ғолиби деб топилган “Фарғонаазот” АЖ техник бўлимининг етакчи мутахассиси Ш.Рахмонов Федерация Кенгаши томонидан ўтказиладиган “Ёш мутахассислар” III Республика Форумида иштирок этди.

“Ҳар бир инсон меҳр-эътибор оғушида” чора-тадбирларини амалга оширишда меҳнат жамоаларида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида ёш авлоднинг маънавий ва аҳлоқий тарбиясига кўмаклашиш, уларда миллий ғурур ва ўзини англаш ҳиссини шакллантириш мақсадида “Сиз доим эъзоздасиз”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Кексаларни ардоқлаган юрт”, “Фахрийлар – фахримиз” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди.

Ҳисобот йилида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш ҳамда дам олдиришга қаратилган аниқ мақсадли ва манзилли ишлар амалга оширилди.

Тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи ходимларни оммавий спортга кенг жалб қилиш мақсадида Федерация Кенгаши томонидан ташкил этилган “Касаба – тур” спартакиадасида 60 дан ортиқ ҳаваскор велоспортчилар иштирок этди.

Тасарруфдаги 6 та болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш ва болаларни дам олдириш мавсумини юқори савияда ташкил этиш бўйича  касаба уюшма қўмиталари ҳамда корхона маъмурияти билан биргаликда режа асосида бир қатор тадбирлар ташкил этилди.

Жумладан, 5040 нафар болаларни соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 5379 нафар болалар соғломлаштирилди (106%). Шулардан 310 та йўлланма кам таъминланган, кўп болалик, ёлғиз оилалар фарзандларига касаба уюшмалари ҳамда корхона ва ташкилотлар ҳисобидан бепул ажратилди.

Шунингдек, мавсумда болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 261 нафар Мехрибонлик уйлари тарбияланувчилари, 25 нафари Орол бўйи минтақасидан ва 35 нафари Ички ишлар бўлимида ишлаган ва ўз хизмат вазифасини бажараётганда ҳалоқ бўлган ходимларнинг болалари бепул соғломлаштирилди.

Ҳисобот йилида халқаро фаолият бўйича асосий эътибор хорижий турдош касаба уюшмалари марказлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилди.

Ўзбекистон Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси ҳамда Россиянинг турдош касаба уюшма ташкилоти “Росхимпрофсоюз” билан тузилган “Дўстлик ва хамкорлик Келишуви” доирасида 2015 йилнинг октябрь ойида “Росхимпрофсоюз”нинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград области бўйича ҳудудий ташкилоти ва унинг таркибидаги бошланғич ташкилотлар фаолияти билан танишиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида тармоқ касаба уюшма фаолларидан иборат делегацияси Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград областида ҳизмат сафарида бўлдилар.

2015 йил учун белгилаб олинган устувор йўналишлар доирасида олиб борилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш орқали жамоатчилик билан алоқаларни янада кучайтириш, тармоқ тизимидаги касаба уюшмалари фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди.

«Народное слово», «Правда Востока», «Қишлоқ ҳаёти», «Маърифат», «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари саҳифаларида касаба уюшмалари фаолиятини ёритувчи 70 дан ортиқ инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида амалга оширилаётган тизимли ишлар, таҳлилий мақолалар чоп этилди.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилди, бу борада тармоқ касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, Федерация тизимидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш ҳолати, «Кексаларни эъзозлаш йили» тармоқ дастурининг бажарилиши якунлари ҳам батафсил кўриб чиқилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йиллар учун Бош келишув асосида “Ўзкимёсаноат” Акциядорлик жамияти, “Ўзфармсаноати” Давлат акциядорлик концерни билан Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида бозор муносабатлари шароитида ижтимоий шериклик асосида тармоқ меҳнаткашларини ижтимоий-иқтисодий ҳимоялашни янада кучайтириш мақсадида 2015-2017 йиллар учун тармоқ тариф келишуви тузилди.

Тармоқ тариф келишуви ва жамоа шартномаларининг 2015 йил бажарилишини таъминлаш борасида тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, тармоқ бошқаруви, корхона ва ташкилотлар маъмурияти ўзаро ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Келишув ва жамоа шартномалар орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасида ижтимоий шерикликни кучайтирилишига алоҳида эътибор берилганлиги хусусида фикрлар билдирилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 январдаги мажлисидаги маърузасида белгиланган топшириқларни сўзсиз бажариш бўйича йиғилиш раиси Мавжуда Халилова ўз маърузаси билан қатнашди.

Қизғин давом этган Раёсат йиғилишида касаба уюшмалари фаолиятига оид яна бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Кун тартибидаги ҳар бир масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan