Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг 2016 йил 9 ойи фаолияти якунларига бағишланган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди

Бош саҳифа

2016 йилнинг 2 ноябрь куни Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси ўтказилди.

Тадбирда ўтган 9 ойи давомида тармоқ касаба уюшмаси томонидан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар таҳлил этилди.

Хусусан, ҳисобот даврида тармоқ касаба уюшма ташкилотлари томонидан ижтимоий шерикликни кучайтириш борасида кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида корхона, ташкилотларда имзоланган жамоа шартномалари сони 23 тадан ортди ва юридик шахсларнинг жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинди. Жамоа шартномалари бажарилишини муҳокама қилиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан илгари сурилган долзарб масалаларнинг аксарияти ижтимоий шериклик асосида ҳал этилди. Тармоқ хусусиятларини инобатга олган ҳолда, йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари учун жамоа шартномалари намуналари ишлаб чиқилиб, амалда фойдаланилиши таъминланди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш дастурларини амалга оширишга, аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга ҳар томонлама кўмаклашилди, бу борада жамоатчилик назорати олиб борилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарори билан тасдиқланган янги иш ўринларини яратиш дастурида белгиланган иш ўринларининг ўз вақтида яратилиши бўйича жамоатчилик мониторинги олиб борилмоқда.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, аввало қизларни ишга жойлаштириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш чора-тадбирларини таъминлаш мақсадида, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 46 нафар оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар шунингдек, уй жой қурилиши учун 1 млрд. 413,6 млн. сўмлик фоизсиз ссудалар ажратилди.

Жумладан, ҳисобот даврида “Қўнғирот сода заводи” УК “Навоийазот”, “Андижон биокимё заводи”, “Максам-Чирчик” АЖлари, “Навоийэлектркимё заводи” ҚК АЖ, Навоий ҳамда Сурхондарё вилоятлари “Қишлоқхўжаликкимё” ҲАЖда ёш оилаларга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалари берилди.

 

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳам батафсил муҳокама қилинди. Шу мақсадда касаба уюшмалари томонидан 6 минг 300 дан ортиқ хўжалик субъектларида 46 мингдан зиёд иш ўринлари яратилгани ўрганилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида жамоатчилик назорати олиб борилди.
Раёсат йиғилишида ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, касаба уюшма фаоллари томонидан республика бўйича яратилган янги иш ўринлари ҳаққонийлигини ўрганиш кўламини кенгайтириш, бу борада ҳудудий бирлашмаларнинг халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари билан ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Тадбирда аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш бўйича қилинган ишлар ҳақида сўз юритилди. Масалан, жамоа шартномалари орқали фуқароларга қарийб 1133 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш учун 313,5 млн сўмлик, тармоқ корхоналарига алоқадор 602 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш мақсадида 75,5 млн. сўм, фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача тўлгунга қадар бўлган 582 нафар ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш учун 275,9 млн. сўмлик, 349 нафар ходимлар фарзандлари спорт тўгаракларига қатнаши харажатларини қоплаш учун 8340,0 минг сўм, 55 нафар аёлларни ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш учун 91,0 млн. сўм маблағ сарфланди.

Йиғилишда Федерация Кенгаши Раёсатининг 2016 йил 9 ойи фаолияти якунларига бағишланган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, касаба уюшмалари олдидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди. Корхона ва ташкилотларда ташкил этилаётган янги иш ўринлари ҳаққонийлиги юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, кексаларни эъзозлаш йўналишидаги ишларни давом эттириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида 25 тадан янги иш ўринлари яратиш, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали оналарнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда меҳнат муҳофазасини кучайтириш, уларни соғ-ломлаштириш самарадорлигини ошириш ана шулар жумласидандир.

Мазкур мақсадларда жамоа шартномаларининг тўлақонли бажарилиши юзасидан корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги соғломлаштириш масканларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, профилакторияларни илғор тиббий ускуналар билан таъминлаш, самарали даволаш усулларини йўлга қўйиш ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қилиниши муносабати билан тармоқ касаба уюшмаси тизимида амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилди.

Раёсат йиғилишида замон билан ҳамнафас бўлиш, бунинг учун фаолият самарадорлигини янада ошириш, эртанги кунга ишонч билан меҳнат қилиш масаласи доимий диққат марказида бўлиши, бу галдаги вазифаларнинг сифатли ижро этилишини таъминлаши алоҳида қайд этилди.

Раёсат йиғилишида фаолиятга оид яна бир қатор масалалар ҳам муҳокама этилди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan