Касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП-2019» Тошкент халқаро Форуми иштирокчилари шуни қайд этишадики, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбир дунёнинг 20 та мамлакатлари касаба уюшмалари ёшларининг мулоқоти ва таълим олишида муҳим аҳамият касб этди, унинг доирасида ёшлар ўқиш ва етакчиликнинг ноёб мактабини ўташди.
Форум тадбирлари жамият муаммоларини чуқур англаш кўникмаларини ривожлантиришга, уларнинг жамоавийлик, бирдамлик ва масъулиятлиликка асосланган ностандарт ечимларини топишга хизмат қилди.
Бугун дунё мисли кўрилмаган тезликда ўзгариб бормоқда. Бу ўзгаришлар сайёрамизда истиқомат қилаётган 1 миллиард ёшлар тақдирига чуқур таъсир кўрсатмоқда, зеро уларнинг 85 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.
Ҳар қандай мамлакатда ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама баркамол тарбияси муаммоларининг муваффақиятли ечими бир нечта омиллардан иборат бўлиб, уларнинг ичида қуйидагиларни қайд этиш мумкин: умумий ва касбий таълимнинг ҳаммабоплиги, соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланганлиги, маънавий-ахлоқий тарбия ишлари самарадорлиги, бўш вақтни мазмунли ўтказишни ташкил этилиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратилиши, ахборот-коммуникация технологияларининг юқори даражада ривожланганлиги.
Аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон Республикасида ёшларни жисмоний тарбия ва спорт, санъат ва ижод билан шуғулланишга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, илмий ва бадиий адабиётларни тарғиб қилишга биринчи галда эътибор қаратилмоқда.
Шуниси аҳамиятлики, 2017 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда 30 июн умумхалқ байрами – Ёшлар куни сифатида нишонланади, бу эса давлат томонидан ёшларга кўрсатилаётган катта эътиборни акс эттиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ёшлар тарбияси ва уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан бешта муҳим ташаббусни илгари сурдилар, уларнинг ҳар бири бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
Шу билан бирга, ёшлар билан ишлашнинг пировард мақсади уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиётини очиш, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда уларнинг фуқаровий масъулиятини ва даҳлдорлик ҳиссини юксалтиришдан иборатдир.
Маълумки, ёшларнинг меҳнат бозори ўзига хос хусусиятларга эга. Йигит ва қизларнинг ўқишдан меҳнат фаолиятига ўтишдаги ёшга доир тўсиқлар қуйидаги омиллардан иборат:
иш тажрибасининг йўқлиги;
меҳнат бозорини тартибга солишнинг қатьий қоидалари;
ёшларнинг интилиши ва кўникмалари билан меҳнат бозоридаги талабнинг ўзаро номутаносиблиги;
тадбиркорлик ва ўз-ўзини иш билан банд қилиш борасидаги тўсиқлар.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун, ёшларнинг касбий таълим олишларини анча енглиллаштирувчи аниқ ечимлар топиш, уларни ишга жойлаш ва иш жойларида қўнимлигини таъминлаш, шахс сифатида улғайиш ва касбий маҳоратларини ошириш, маишимй масалаларни ечиш талаб қилинади.
Таълим муассасалари битирувчилари учун иш жойларини квоталаш, янги иш жойлари яратишга давлат буюртмасини шакллантириш, ёшлар бандлигини субсидиялашни жорий этиш бу йўналишдаги ўта муҳим чоралардан ҳисобланади.
Форум иштирокчилари қайд этишдики, ёшлар билан ишлаш касаба уюшмалари ҳаракати кадрлар сиёсати ҳамда ташкилий мустаҳкамлигининг устувор йўналиши бўлиб қолмоғи лозим.
Ҳаётнинг ўзи касаба уюшмалари ҳаракатини мустаҳкамлаш, касаба уюшмаларини ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи қудратли ташкилот сифатидаги барқарор позициясини сақлаш мақсадида касаба уюшмаларида кучли ёшлар сиёсатини амалга ошириш зарурлигини тақозо этмоқда.
Касаба уюшмаси етакчиларининг янги авлодини тарбиялаш қуйидаги элементларга асосланиши лозим: жамоа ҳаракатлари ва бирдамлик акцияларида ёшлар иштирокини таъминлаш, ёш касаба уюшмалари фаолларини ижтимоий мулоқот асосларига ўқитиш, таълим анжуманларини ташкил этиш, ахборот-тушунтириш ишларининг янги йўналишларини жорий этиш.
Форум тармоқ касаба уюшмалари органлари ишида узвийликни сақлаш ҳамда самарали уюшмалараро ҳамкорлик учун иқтисодиётнинг ҳар хил тармоқларидаги касбий-кадр хусусиятлардан тўлиқ ҳолда фойдаланиш лозим деб ҳисоблайди.
Касаба уюшмаларининг келажаги ҳар хил тармоқлар ёш мутахассисларини касаба уюшмалари ишига кенг жалб эта олиш даражасига боғлиқдир.
Ўтказилган учрашувлар, конференциялар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари, глобал трендларни ва мамлакатлардаги вазиятларни ўрганиш натижалари бўйича, Касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП 2019» Тошкент халқаро Форуми иштирокчилари ўз мамлакатларининг ҳукуматлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилари бирлашмаларига қуйидаги тавсияларни берадилар:
а) баркамол авлодни тарбиялаш соҳасида
ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва бошқа санъат турларига қизиқишларининг кучайишига эришиш;
ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари қамровини кенгайтириш;
аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишларини ташкил этиш;
ёшларнинг маънавий маданиятини ошириш, китоб ўқишни кенг тарғиб этишни таъминлаш;
барча аҳолининг туғилишдан бошлаб қариликкача ижтимоий ҳимоя билан таъминланишига эришиш;
инсон капиталига инвестицияларни ўстиришга кўмаклашиш;
б) ёшларнинг меҳнат салоҳияти ва интеллектуал қобилиятини намоён қилиш учун шарт-шароитлар яратиш соҳасида
ёшларнинг бизнес-ташаббуслари, стартаплар, ғоялар ва лойиҳаларни жорий этишга кўмаклашиш орқали, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурларини ишлаб чиқишга ва амалга оширишга кўмаклашиш, ишсиз ёшларни меҳнат бозоридаги эҳтиёж катта бўлган мутахассисликларга ўқитиш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш;
иш ўринларини квоталаш, меҳнат фаолиятини субсидиялаш, ҳақ тўланмайдиган стажировкаларга бархам бериш ва уларнинг давомийлигини оқилона муддат билан чеклаш йўли билан ёш мутахассисларнинг илк бор ишга жойлаштириш муаммосини ечишда давлат қўллаб-қувватловини таъминлаш;
авлодлараро узилишга йўл қўймаслик мақсадида таълимни бошқариш ва малакани тасдиқлаш тизимларига ижтимоий шериклик механизмларини киритиш йўли билан ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва олий таълим сифати ва долзарблигини оширишга қаратилган чоралар қабул қилиш;
иш ўринларида “устоз-шогирд” тамойилини ҳамда устозларни рағбатлантириш тизимини кенг жорий қилиш;
ёшлар бандлигини ва меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оишириш учун касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциясини тиклаш ва унинг ваколатларини кенгайтириш;
ёшлар учун муносиб меҳнатни ва муносиб иш ҳақини таъминлаш чораларини кўриш, “ишлаётган ёш камбағаллар” сафи ўсишига йўл қўймаслик;
иш берувчилар ёшларга меҳнат бозори талабларига мос келувчи юқори сифатли кўникмалар берадиган таълим ва ўқишларга инвестициялар киритишларини рағбатлантириш;
ҳар бир тиришқоқ ёш, ўз жинси, миллати, ирқи, даромадлари даражаси ва ижтимоий-иқтисодий аҳволидан қатьи назар, самарали меҳнат қила олиши учун барчага тенг имкониятлар яратиш;
ишлаб чиқаришга инвестициялар ҳажмини ҳамда меҳнат бозори ва жамиятнинг умумий инклюзивлигини ошириш;
ижтимоий шерикликнинг замонавий шаклларини жорий этиш асосида, иш қидираётган ёшлар учун бўш иш ўринлари тўғрисидаги интеграциялашган маълумотлар базасини яратиш;
ёшларни касбга йўналтириш ва ижтимоийлашуви тизимларини шакллантириш;
ишлаб чиқариш билан ўқув муассасаларида кадрлар тайёрлашнинг ўзаро интеграциялашуви тизимларини такомиллаштириш;
в) касаба уюшмаларининг ёшларга оид сиёсатини янада такомиллаштириш соҳасида:
талабалар, ўқувчи ва ишловчи ёшлар ичидан касаба уюшмалари фаолларини ҳудудий ва тармоқ келишувлари, корхоналар жамоа шартномаларининг ёшларга тегишли бўлимларини тайёрлашга кенг жалб этиш;
касаба уюшмалари ёш фаолларини жалб этган ҳолда жамоавий тадбирлар ўтказиш учун касаба уюшма органлари ва меҳнат жамоалари ўзаро ҳаракатининг янги шаклларини ишлаб чиқиш;
касаба уюшмалари ёш фаолларига мўлжалланган янги ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, касаба уюшмалари ёш фаолларининг ихтисослашган ўқишларини ташкил этиш;
касаба уюшмалари фаолиятидаги узлуксизлик жараёнини таъминлашнинг янада самарали механизмларини созлаш;
ўқиш вақтиданоқ истиқболли касаба уюшмалари ёш фаоллари рўйхатини тузиш, ушбу маълумотлар банкини қўллаб-қувватлаш ва янгилаб бориш;
олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини меҳнат жамоаларининг касаба уюшмаси ҳаётига жалб этиш мақсадида уларни биринчи иш ўрнидаёқ касбий баркамолликка эришишини кузатиб бориш;
касаба уюшмалари тузилмаларини ёшлар ҳисобидан кадрлар билан мустаҳкамлаш дастурини ишлаб чиқиш, барча даражадаги касаба уюшмалари хайъат органларининг раҳбар лавозимларига сайланиш учун номзодлар кўрсатишга кўмаклашиш.
Форум Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев илгари сурган ташаббус асосида қабул қилинадиган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Халқаро конвенцияси лойиҳаси устида иш олиб бориш жараёнида мазкур Тавсиялардан фойдаланишни таклиф этади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: