“КИМЁГАРЛАР КУНИ” АРАФАСИДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Бош саҳифа

Aнъанага кўра, «Кимёгарлар куни» май ойининг сўнгги якшанбасида нишонланади.

Ҳар йили май ойининг охирги якшанбасида нишонланадиган ушбу кун кимё саноати ва фани ходимларининг касб байрами ҳисобланади. Бу байрам, МДҲ га кирувчи – Россия, Украина, Белорус, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатларда кенг миқёсда нишонланади.

Байрам арафасида тармоқ тизимидаги Тошкент Кимё технология институтида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» бўлиб ўтди.

Барчамизга маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.

Учрашув давомида ёшлар томонидан турли хил савол ва таклифлар билдирилиб, йил давомида амалга ошириладиган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Шунингдек, спорт машғулотлари, ёшлар ўртасида саводхонлик масаласи, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, малака ошириш ва сиртқи бўлимларда олий маълумот олиш масалалари ўзаро муҳокама этилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ёшларнинг фаоллигини ошириш, Республика Кенгашининг “2024 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури” ва “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, тармоқ тизимидаги Олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талабаларни илмий фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, “Устоз-шогирд” анъанасини муносиб давом эттириш ҳамда касаба уюшмалари кадрлар захирасини шакллантириб бориш мақсадида “Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши стипендияси” кўрик-танлови ўтказилган эди.

Энг юқори балл тўплаган ва ғолиб деб топилган Тошкент Кимё-технология институти “Кимёвий моддалар технологияси” факултети “Силикат материаллар ва нодир камёб металлар технологияси” кафедраси талабаси Муҳаммаджонова Моҳина Нодиржон қизи ва “Менежмент ва профессионал таълим” факултети “Саноат иқтисодиёти менежменти кафедраси” талабаси Насриддинов Давронбек Зуҳриддин ўғли Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг сертификати ва Республикада ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 (икки) баробари миқдорида стипендия ҳамда совғалар билан тақдирландилар.

Танлов иштирокчилари ва институт маъмурияти касаба уюшмаларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди

Print Friendly, PDF & Email