Аёлларнинг меҳнат қонунчилигидаги имтиёз ва кафолатлари

Бош саҳифа Корхона янгиликлари

Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларидан тенг фойдаланади. Жинси, ёши, миллати, динга муносабати, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ишчанлик қобилиятларига ва меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб  чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди. Ушбу талабларга риоя этмаслик камситиш деб ҳисобланади, қонунларда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди.

Айрим тоифадаги ходимларга имтиёз ва кафолатлар Меҳнат кодексининг XIV бобида белгилаб қўйилган. Кодекснинг   224 – 238-моддаларида аёлларга нисбатан,  239 – 249-моддаларида эса ёшларга нисбатан имтиёзлар назарда тутилган.    Жумладан:

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.  Иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт.

Меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир.

Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади. (юкни кўтариш ва ташиш 9 кг,гача хар соат кўпи билан 2 маротаба; доимий ташиш 6 кг.гача;  иш вақти давомида 300кг.гача, полдан кўтариш бўлса 150кг.гача ташишга йўл қўйилади)

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладорнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки  аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ишга ўтказилади. Бундай иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар ишга чиқмаган кунлари учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.

Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи икки ёшга тўлгунга қадар бажараётган ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ бошқа ишга ўтказилади.

Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.

Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет  ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Бундай ҳолатда   қисқартирилган вақт (4соат) учун ҳам ҳақ тўланади.

Ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси (119-модда) белгилаши шарт.

Ногирон боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига бола 16 ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан иш ҳақи сақланган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.

Ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин   берилади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган бола (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон бола) бор ёлғиз ота  (онага) (бева эркак (аёл), никоҳдан ажрашганларларга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар, улар хохлаган  вақтда берилади

Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Шунингдек, унинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Бундай таътил   иш берувчи билан келишиб  тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб фойдаланилиши мумкин.

Аёлларга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб,  нафақа тўланади.

Аёлнинг хоҳишига кўра боласи 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши таътили берилиб, бу даврда   нафақа тўланади. Шунингдек, унинг хоҳишига кўра, боласи 3 ёшга тўлгунга қадар   иш ҳақи сақланмаган ҳолда  таътил ҳам берилади.

Болани парвариши таътилларидан болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам   фойдаланишга ҳақли.

Аёл   болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Болани парваришлаш таътиллари даври  меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил қўшилади. (ЎзР 22.12.2010 й)

Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга,  болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилади. Танаффус ҳар 3 соатда 30 минутдан кам бўлмаган муддатда берилади.  Боласи бўлса танаффус муддати  1 соатдан берилади. Қўшимча танаффус умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин. Бундай танаффуслар иш вақтига киритилади ва ҳақ тўланади.

Танаффусларнинг аниқ муддати   жамоа шартномасида белгилаб қўйилади.

          Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.  Ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

            Аёлларга бериладиган кафолатлар ва имтиёзлар-тунги ишларга ва иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб этишни ва хизмат сафарларига юборишни чеклаш, қўшимча таътиллар бериш, имтиёзли иш режимларини ўрнатиш   онасиз болаларни  тарбиялаётган оталарга, болани амалда тарбиялаётган  қариндошларига ҳам татбиқ этилади.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan