САМАРҚАНД ШАҲРИГА САЁҲАТ!

Бош саҳифа

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остидаги тадбирларни давом эттириш, сайёҳлик дастурларида касаба уюшмаларининг фаол иштирокини ташкил этиш ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун юртимизнинг тарихий шаҳарлари, зиёратгоҳларига саёҳатлар ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2021 йил 8 февралдаги “Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этишга кўмаклашиш тўғрисида”ги 2-05“с”-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаббуси билан жорий йилнинг 28 май куни тармоқ тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди.

Самарқанд қадимдан ўзининг бетакрор гўзаллиги, ажойиб об-ҳавоси, ширин суви ва мазали нонлари билан дунёга машҳур шаҳар бўлган. Орадан қанча асрлар ўтса ҳамки Самарқанд ҳали хануз одамларни ўзига оҳанграбодек жалб қилиб келмоқда.

Саёҳат давомида саёҳатчилар навқирон Самарқанднинг қадимий тарихи ва мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик мажмуалари тўғрисида катта таассуротларга эга бўлдилар.

Самарқанд шаҳрига саёҳатдан чексиз таассуротлар билан қайтдик, дейди, Ангрен технология техникуми ўқитувчиси Назокат Абдуллаева. Неча йиллардан бери Самарқандга боришни қалбимга ният қилиб олгандим. Орзуларим амалга ошаётгани эса қувончимга қувонч қўшди. Бизга қаратилган эътибордан эса жуда ҳам мамнун бўлдим.

Саёҳатимиз Мирзо Улуғбек расадхонаси зиёрати билан бошланиб, Хўжа Дониёр, Бибихоним, Амир Темур, Шохи зинда, Ислом Каримов мақбаралари, Регистон майдони билан давом этар экан мазкур тарихий обидалар, улардаги нақшинкор безаклар, ганчкорлик намуналари ота-боболаримизнинг илм-фан тараққиётидаги қудрати ва донишмандлиги, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшганлигига яна бир бор амин бўлдик.

Шунингдек, Самарқанднинг ноёб меъморий обидалари ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва шаҳарда қад кўтараётган биноларни томоша қилар эканмиз, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг ўтмиши қанчалик буюклигидан, кейинги йилларда бу ерда амалга оширилган ўзгаришлар унинг шуҳратини янада ошганлигига гувоҳ бўлдик. Асосийси, тарихи бой, келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг фарзанди, юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга машҳур аждодларнинг вориси эканимиздан фахрландик.

Print Friendly, PDF & Email