“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимдаги корхона-ташкилотлар фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништириш ва ОАВ билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тасдиқланган 2020 йил давомида пресс-тур ташкил этиш режасига мувофиқ, 2020 йил 29-30 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятида жойлашган “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамиятига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида жойлашган “Тепақўтон” калий тузлари конига пресс-тур ташкил этилди ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖ фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Пресс-турнинг биринчи куни журналистлар иштирокчида Шахрисабз шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида Дор ус-сиёдат мажмуаси, Амир Темур даҳмаси, Оқсарой меъморий ёдгорлик мажмуаси каби тарихий объектларга ташриф буюрилди.
Пресс-турнинг иккинчи куни журналистлар “Тепақўтон” калийли тузлар тоғ-кон мажмуаси руда қазиб чиқариш ва ишлаш тартиби билан танишди ва 320 мерт чуқурликда амалга оширилаётган иш жараёни билан танишдилар. Бу пресс-турнинг энг эсда қоларли дақиқалари бўлди. Ундан сўнг “Деҳқонобод калий заводи” АЖ фаолияти, маҳсулот ишлаб чиқариш ва қадоқлаш жараёни билан танишдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув расининг корхонада фаолият юритаётган ёшлар билан учрашуви ташкил этилди. Ёшлар билан ўтказиладиган очиқ мулоқот давомида “Деҳқонобод калий заводи” АЖ тизимида фаолият юритаётган ёшлар билан мамлакатимиз кимё саноатини янада ривожлантириш ва соҳага энергия тежамкор янги инновацион технологияларни жалб қилиш борасида суҳбатлашилади ҳамда уларнинг таклифлари тингланади. Корхонада 600 нафарга яқин ёшлар фаолият юритади. “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 9500 нафаридан ортиғини эса 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Тадбирда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Ж.Мирзамаҳмудов, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ Бошқаруви раиси О.Қурбонов, “Ўзкимёсаноат” АЖ Ёшлар етакчиси М.Абдуллаева ва корхона ёшлари иштирок этди.
Учрашувда ёшлар “Ўзкимёсаноат” АЖ тасарруфидаги корхоналар миқёсида “Ёш китобхон” кўрик-танловини шунингдек, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ тизимидаги тоғ-кон мажмуасида ишлаётган ёшларни қўллаб-қуватлаш мақсадида “Ўз касбининг моҳир ёш усталари” каби кўрик-танловларни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирди. Ёшларнинг таклифлари “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамахмудов томонидан қўллаб-қувватланди ва ёшлар ўз устиларида ишлаб, хорижий тилларни ўрганишлари лозимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибида 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан жами 180 тадан ортиқ номдаги кимёвий маҳсулотлар, шу жумладан, 90 га яқин турдаги янги, маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар томонидан талаб этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Жорий йил илк маҳсулот ишлаб чиқарилганлигининг 10 йиллигини нишонлаган “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти тизимдаги кимё корхоналарининг энг истиқболлиларидан бири ҳисобланади.
Ўтган қисқа даврда ишчи ва мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида ривожланган ижтимоий инфратузилмани ўзида мужассам этган, нафақат юртимиз, балки чет элда ҳам ўз ўрнига эга бўлган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси қад ростлади. “Тепақўтон” калийли тузлар кони негизида “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамиятининг ишга туширилгани нафақат ушбу туман, балки мамлакатимиз саноатида муҳим воқелик бўлди ва янги иш ўринлари яратилди.
“Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг тоғ-кон мажмуаси қурилиши 2008 йилда “Тепақўтон” калий тузлари конини очиш ва тайёрлаш ишларидан бошланган ва дастлаб кон ишларини олиб бориш учун №1 ва №2 қия стволлар очилиб, руда қазиб чиқариш ишлари амалга ошириш учун панеллар тайёрланган.
“Тепақўтон” конида панелли қазиб олиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, 2010 йил апрель-май ойларидан сильвинит рудасини қазиб чиқариш амалга ошириб келинмоқда. Корхонанинг ишга тушиши билан мамлакатимиз кимё саноатида янги турдаги калий хлорид минерал ўғити тўлиқ маҳаллийлаштирилди.
Бугунги кунга келиб корхона фаолият бошлаганидан буён экспорт қилинган маҳсулотнинг умумий миқдори 1510 минг тоннага етди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган калий хлорид минерал ўғити Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Эрон, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам, Сингапур, Малайзия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Туркия, Молдавия, Украина ва Африка бозорларига кириб борди.
“Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг ишга туширилиши билан Ўзбекистон жаҳонда калий ўғити ишлаб чиқарувчи ўн олтинчи, МДҲда эса учинчи мамлакатга айланди. Айни пайтда 9 мамлакатда Испания, Канада, АҚШ, Бразилия, Хитой, Исроил, Россия, Белорусия ва эндиликда Ўзбекистонда ҳам барча турдаги минерал ўғитлар яъни азотли, фосфорли, калийли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.
“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона-ташкилотлар фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништиришга қаратилган Пресс-турлар 2020 йил давомида режага мувофиқ ташкил этилади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/dkz-press-tour
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: