“Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман”

Бош саҳифа

Тармоқ тизимидаги Тошкент кимё-технология институтида Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамият ва давлат арбоби Зулфияхоним таваллудининг 104 йиллиги муносабати билан Зулфия ҳаёти ва ижодига яна бир назар ташлаб, руҳини шод этиш мақсадида “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” деб номланган адабий-хотира кечаси бўлиб ўтди.

Хотира кечасида “Ёдим синиқлари” спектаклида Зулфияхоним образини маҳорат билан ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ҳамда институтнинг фаол ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.

Тадбир давомида шоиранинг ижодига мансуб шеърлар ўзбек, тожик, туркман, рус ва инглиз тилларида иқтидорли талабалар томонидан ижро этилди. Шоиранинг турмуш ўртоғи, дўсти шоир Ҳамид Олимжон қаламига мансуб “Ўрик гуллаганда” шеъридан яралган қўшиқни институт талабалари жўрликда ижро этдилар.

“Зулфия” спектаклида Зулфияхоним ролини маҳорат билан ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева йиғилганларга “Ёдим синиқлари” спектаклида ижро этган образи, театр саҳнасидаги ҳис туйғулари, ички кечинмалари билан ўртоқлашди. Талабалар томонидан тайёрланган Зулфия ва Ҳамид Олимжон образи яна бир бор монолог кўринишида жонлантирилди. Бу монолог хотира кечасининг безагига айланди. Тадбир якунида меҳмонларга институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари ва Зулфия ижодига мансуб китоблар тақдим этилди.

Print Friendly, PDF & Email