Ўқувчилар иштирокида семинар ўтказилди

Бош саҳифа

Тармоқ тизимидаги Ангрен кимё саноати касб-ҳунар коллежида “Мажбурий меҳнат қонунан тақиқланади” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда Республика кенгаши бош юрисконсульти А.Хасанбаев, Ёшлар бирлашмаси раиси Ш.Тоиров, коллеж касаба уюшма қўмитасининг ёшлар билан ишлаш комиссияси раиси Ў.Исаев ҳамда битирувчилар иштирок этдилар.

Семинарда Республика Кенгаши бош юрисконсульти А.Хасанбаев 2018 йил 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 349-сонли “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича атрофлича тушунтириш берди. Унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида  ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўлланиши билан қўрқитган ҳолда ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи нормалар мустаҳкамланганини эътиборга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига қуйидагилар белгилаб берилди:

– фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш;

– фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши;

– автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланиши каби масалалар тўғрисида маълумот берилди.

 

Ўтказилган тадбирда касаба уюшмалари томонидан ёшларни ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни комил шахс ва етук мутахассис бўлиб етишишларида олиб борилаётган фаолияти, Ёшлар бирлашмасининг мақсад ва вазифалари хусусида гапириб ўтилди. Бунда жамоа шартномаси тушунчаси ва унда “Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бандининг мазмуни ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, битирувчилар бандлигини таъминлашда тўрт томонлама шартнома (“корхона – коллеж – битирувчи – ҳокимлик”) тизимининг мазмуни ва самараси ҳақида сўз юритилди.  Айтиш керакки, ҳар йили касб-ҳунар коллежларини битириб чиқаётган мутахассисларни мақсадли ишга жойлаштиришда таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимликлар, ташкилот ва идоралар, маҳалла мутасаддилари масъул этиб белгиланган. Энг муҳими коллеж ўқувчиларининг иш жойи таҳсил давридаёқ аниқ бўлаяпти. Албатта, касаба уюшмалари ҳам бу йўналишда зарурий чора-тадбирларни амалга ошириб, жамоатчилик назоратини олиб бормоқда.

Коллежнинг касаба уюшма қўмитаси ёшлар билан ишлаш комиссияси раиси Ў.Исаев сўзга чиқиб, таълим билан амалиётнинг узвий олиб борилаётгани замонавий билим ва ишлаб чиқариш кўникмасига эга ёш мутахассислар тайёрлашга хизмат қилаётганини айтиб ўтди. Ўтган ўқув йилида коллежни 384 та ўқувчи битирган бўлиб, уларнинг барчаси корхоналарда амалиёт ўташ давомида тўрт томонлама шартномани имзолаганлар. Ҳозирда уларнинг ўз иш жойларида муқим ишлаб кетишлари учун корхоналар раҳбарияти билан ҳамкорликда назорат олиб борилмоқда.

Семинар ўқувчилар ва маърузачилар ўртасидаги савол-жавоблар орқали янада самарали ўтди.

Print Friendly, PDF & Email