Самарқанд шаҳри қадимдан ер юзининг сайқали дея эътироф этиб келинган. Бу қадимий шаҳар ҳақида жуда кўп тарихий манбаларда маълумотлар келтирилган. Самарқанд қадимдан ўзининг бетакрор гўзаллиги, ажойиб об-ҳавоси, ширин суви ва мазали нонлари билан дунёга машҳур шаҳар бўлган. Айниқса, соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд гуллаб яшнаган, савдо-сотиқ марказига айланган ва энг юксак камолотга етган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан савдогарлар ва сайёҳлар бу шаҳарни бир маротаба кўришни орзу қилишган. Ҳазрат Навоий ҳам бу шаҳарда бўлиб, унинг бетакрор гўзаллиги ҳақида асарларида ёзган. Ажойиб шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Самарқанд шаҳрини беқиёс қадрлаган. Европа давлатларининг ҳукмдорлари бу шаҳарни зиёрат қилишни ўзлари учун шараф деб билганлар.
Орадан қанча асрлар ўтса ҳамки Самарқанд ҳали хануз одамларни ўзига оҳанграбодек жалб қилиб келмоқда. Мустақиллик шарофати билан ўзбек халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналари тикланди. ЮНЕСКОнинг қарорига асосан Самарқанд музей шаҳар деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан Самарқанд шаҳри ўзгача чирой очди. Имом Исмоил ал-Бухорий номидаги мажмуанинг қайтадан обод қилиниши, тарихий ёдгорликларимизни асраб-авайлаш бўйича қатор чора-тадбирларнинг қабул қилиниши Самарқандни чинакам тарихий музей шаҳарга айлантирди.
Тошкент кимё технология институти Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан 2017 йилнинг 15 октябрь куни 45 нафар институт профессор-ўқитувчилари ва ходимлари Самарқанд шаҳрига саёҳатга бордилар.
Кўҳна Самарқанд ўзининг ажойиб тарихий ёдгорликлари билан дунёга машҳур. «Шоҳи Зинда», «Хожа Дониёр мақбараси», «Амир Темур ва темурийлар мақбараси», «Биби хоним мақбараси», шаҳар марказида ўзгача тароват бахш этиб турган «Регистон» майдони ана шундай ёдгорликлар қаторига киради.
Самарқанд шаҳрига қилинган зиёратнинг энг эсда қолгани – Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ўқиган мактаб, улар туғилиб ўсган хонадон, дафн этилган макон ва Регистон майдони ёнида қад ростлаган юртбошимиз ҳайкали барча зиёратчиларимизни ҳаяжонга солди, кўзларимизга беихтиёр ёш келди. Қўлларимиз дуога очилиб, юртимизга мустақилликни берган, 25 йил шу йўлда тинмай меҳнат қилиб, халқининг бахтли келажаги учун курашган йўлбошчимиз ҳаққига тиловатлар қилинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: