Тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги барча болалар соғломлаштириш оромгохларида ишчи ва ходимларнинг фарзандлари тетик, соғлом бўлишлари ҳамда мароқли ҳордиқ олишлари учун барча шарт-шароитлар, соғлигини тиклаш учун қатор қулайликлар яратилган. «Кимёгар», «Офтобжон», «Камалак» ва «Чимён» болалар соғломлаштириш оромгоҳлари шулар жумласидандир. Ҳар йили Республикамизнинг турли вилоятларида жойлашган ушбу болалар соғломлаштириш оромгохларига бориш учун йўлланмаларнинг ташкил этилиши болаларимиз саломатлигини асраш йўлидаги энг самарали ишлардан бири ҳисобланади.
Жорий йилда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари 3-4 мавсумли бўлиб, жами 5810 нафар болажонларимизни қабул килиш режалаштирилган. Айрим оромгоҳларда биринчи мавсум ўз ниҳоясига етиб, мавсумнинг тантанали ёпилиш маросими, иккинчи мавсум очилиши бўлиб ўтмоқда. Маросимларда болажонларимиз мавсум давомида ўрганган ижод намуналари – рақс, саҳна кўриниши, қўшик айтиш ва кўргазмалар ташкил этиб барчани қувонтирмоқдалар.
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан 2017 йил 29 майда қабул қилинган 9-04 “с”-сонли қарори асосида жорий йилги мавсумда тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болажонлар учун театрлаштирилган томошалар ташкил этилиб, улар учун спорт инвентарлари харид қилинди.
Мавсум давомида оромгоҳларда маданий-маърифий тадбирлар, ёзувчилар, санъаткорлар, спорт усталари билан учрашувлар, оромгоҳ жойлашган ҳудудлар тарихи билан таништириш, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар билан мулоқотлар уюштирилмоқда.