БОЛАЖОНЛАРНИНГ ЁЗГИ ТАЪТИЛИ ОРОМГОҲЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Бош саҳифа

Болажонларнинг ёзги таътил даврида мароқли дам олиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларида соғломлаштириш оромгоҳларининг ўрни беқиёс. Шу боис ёзги соғломлаштириш мавсумига бу йил ҳар йилгидан ҳам кўра ўзгача тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси ҳам қатор мутасадди ташкилотлар қаторида бу борада кенг кўламли тадбирларни амалга оширмоқда.

Соғломлаштириш ишлари ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси”га мувофиқ олиб борилмоқда. Бу жараёнда Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг фаолияти самарали бўлмоқда. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркибида ташкил этилган ишчи гуруҳлари ҳамда ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари ҳар бир ҳудудда мавсумнинг намунали ва уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлаш йўналишида иш олиб бормоқдалар. Оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари манзилли дастур доирасида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Тармоқ ташкилотлари тасаруфидаги 6 та оромгоҳларда жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Болажонларнинг бу галги ёзги таътили ҳам анъанавий равишда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунидан бошланди. Тармоқ тизимидаги корхоналар тасаруфидаги 6 та оромгоҳ болажонлар учун ўз қучоғини очади. Мавсум давомида бу ҳордиқ масканларида 5 мингдан ортиқ болалар оромгоҳларга жалб этилади.

Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, кенг қамровли оромгоҳлар фарзандларимизнинг севимли масканларига айланди. Аҳамиятлиси, интеллектуал ривожлантириш, тарбия ва спорт-соғломлаштириш, меҳнат ва дам олиш, экологик-биологик, ўлкашунослик, техник ижодкорлик тугараклари қаторига бадиий ижодкорлик тўгараги қўшилиши мавсум янгиликларидан бири бўлди.

– касаба уюшмаси  томонидан иқтидорли ўғил-қизлар учун бадиий ижодкорлик тўгараклари ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Аммофос-Максам” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси Авдеенко Николай. – Тошкент вилоятининнг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Чимён” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган турли хил кўринишдаги тўгаракларда 1000 ортиқ болалар соғломлаштирилади.

Юртимизда кучли ижтимоий ҳимоянинг ёрқин мисоли сифатида кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатлар тарбияланувчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликни келтиришимиз мумкин. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” Давлат дастури доирасида кам таъминланган оилаларнинг 300 нафар фарзандини имтиёзли дам олдириш ва соғломлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, тармоқ корхоналари тасарруфидаги профилакторийларда 500 дан ортиқ бола оналари билан бирга ўз саломатлигини мустаҳкамлайди.

Бу мавсумда ҳам корхона, ташкилот ва муассасаларда амал қилаётган жамоа шартномалари асосида бир мингдан ортиқ кам таъминланган оила фарзандларини имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш давом эттириляпти. Меҳрибонлик уйларининг 200 дан ортиқ тарбияланувчиси, жисмоний имконияти чекланган 200 яқин болалар касаба уюшмалари ҳамда иш берувчи маблағлари ҳисобидан бепул соғломлаштирилади.

Юртимиз болаларининг ёзги таътилига ҳозирлик шугина эмас. Оромгоҳларнинг ҳар бирига ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган педагог-тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбарлари, ички ишлар ходимлари жалб этилади. Тиббиёт ходимлари болалар сиҳатини назорат қилиб борса, етакчилар турли қизиқарли ўйин ва мусобақалар билан улар вақтини мароқли ўтказишга ёрдамлашади. Ошпазлар эса мазали таомлар тайёрлаб, келажагимиз эгаларининг жисмоний камолотига ҳисса қўшадилар. Асосийси, болаларнинг мириқиб дам олишлари, кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Улар оромгоҳларда ўзаро дўстлашадилар, қалблари бир олам завққа тўлиб, янги ўқув йилига бой таассуротлар билан қайтадилар.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan