Ижтимоий шериклик – меҳнат муносабатларининг фақат бозор иқтисодиётига хос бўлган алоҳида бир тизими бўлиб, у давлат, иш берувчи ва ходимлар манфаатига баб-баравар хизмат қилади.
Жамоа шартномаси «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига бирлашган касаба уюшмаларининг фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитидаги ҳаракат дастури»да белгилаб берилганидек, аъзоларни ҳимоя қилиш вазифасини амалга оширишда асосий восита ҳисобланади.
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши масъул ходимларининг амалий ёрдами натижасида тизимдаги бошланғич ташкилотлар, кичик бизнес субъектлари, корхоналарда ходимлар сонидан қатъи назар, юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилиб, уларга йил моҳиятидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши йирик тармоқлардан бири бўлишига қарамай, тизимда фарм соҳасига оид кичик бизнес субъектлари, тадбиркорлар ва кичик корхоналар кўплиги билан фарқланиб туради. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган «Кичик корхоналар учун жамоа шартномаси макети»дан фойдаланган ҳолда, кам сонли ходимга эга кичик корхоналарга жамоа шартномалари тузилишида кўмаклашилмоқда. Табиийки, ишчи-хизматчиларнинг иш шароитларини яхшилаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, маданий-маърифий ва бошқа масалалар бўйича мажбуриятларни ижобий ҳал қилиш нафақат иш берувчига, балки касаба уюшма ташкилоти ва аъзоларга ҳам катта вазифалар юклайди.
Масалан, тармоқ тасарруфида бўлган “AFRO BIO KIMYO” МЧЖдаги 60 нафар ходимнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2015-2017 йиллар учун Федерация Кенгаши томонидан тавсия этилган макет асосида жамоа шартномаси қабул қилинган бўлиб, бу амалда тўлалигича ўзини оқламоқда.
Замон талабларига жавоб берадиган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариб, мамлакатимиз иқтисодининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган корхонада меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шериклигида мустаҳкам ҳимояланмоқда. Хусусан, жамоа шартномасида ходимлар даромадларини ошириш, уларга қўшимча меҳнат таътиллари бериш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазаси, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
2015 йилда жамоа шартномаси орқали меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда махсус кийим-бош, ходимларни даврий тиббий кўрикдан ўтказиш, аптечкалар ва турли хил дори-дармонлар билан таъминлаш, махсус гигиеник ювиш воситаларига (совун, кукун) ҳамда зарарли иш ўринларига жалб қилинган ишчиларга сут-қатиқ маҳсулотлари харид қилишга кўмаклашилди.
Корхонада иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш хулосасига биноан ходимларнинг меҳнат таътилларига 3 иш кунидан 7 иш кунигача иш ҳақи тўланадиган қўшимча таътиллар берилиши жорий қилинган. Ходимлар ишлаб чиқаришда юз бериши эҳтимоли бўлган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳолда суғурта қилинган.
Жамоа шартномасида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳозирда «KAFOLAT-REZINA» МЧЖда 19 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар меҳнат қилмоқда. Устозлар ўзларига бириктирилган шогирдларига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга энг кам ҳаражат сарф қилган ҳолда юқори маҳсулдорликка эришиш сирларини ўргатишяпти. Яна бир жиҳат – меҳнат муҳофазаси талабларига иш жараёнида тўлиқ амал қилган ходимлар доимий равишда бошланғич ташкилот таклифига асосан, иш берувчи томонидан рағбатлантирилаётгани ҳам ўз самарасини бераётир.