Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ўтказилмоқда. Айни кунларда республика миқёсида 3 босқичда ташкил этилган мазкур танловнинг Республика тармоқ босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Танловдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга тадбиқ этишга кўмаклашиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишдир.
Танловнинг биринчи босқичида турли тармоқлар тизимидаги 1500 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган 6 минг нафарга яқин ёш мутахассислар иштирок этдилар. Улардан 700 нафари ҳудудий босқичларда иштирок этдилар ва улар орасидан ғолиб деб топилган энг фаол ёш мутахассислар республика босқичига йўлланма олдилар.
Жорий йилнинг 27 июль куни Олмалиқ шаҳридаги “Аммофос-Максам” АЖ маданият саройида мазкур танловнинг “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” номинацияси бўйича тармоқ Республика босқичи беллашувлари ўтказилди. Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ва танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган, илғор инновацион ғояларга эга бўлган 13 нафар ёш кимёгарлар мусобақалашдилар.
Танловда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигини оширишдаги аҳамияти, ёш мутахассислар инновацион ишланмаларининг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишларнинг долзарблиги ҳамда уларнинг республикамиз илм-фани, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими танлов орқали ёш мутахассисларнинг янги ишланма ва кашфиётлари юзага чиқарилди.
“Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” номинацияси бўйича 1-ўрин “Фарғонаазот” АЖ Аммияк 3-цехи оператори Қодиров Содиқжон Ўктамович, 2- ўрин “Максам-Чирчиқ” АЖ Катализтор цехи бошлиғи ўринбосари Алиев Арсен Рафикоглу, 3-ўрин “Навоийазот” АЖ Азот ишлаб чиқариш 5-цех бўлими бошлиғи Шералиев Бекзод Шухрат ўғли ғолиблари деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши дипломи ҳамда совғалари билан тақдирландилар.
Танлов доирасида аниқланган энг фаол ёш мутахассислар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” Республика форумида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Мазкур форумда энг яхши деб топилган иқтидорли ёш мутахассислар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган махсус грантлар билан тақдирланадилар.