“Бошланғич ташкилот – касаба уюшма ҳаракатининг асоси” шиори остида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг II – Республика Форумида иштирок этилди

Бош саҳифа

2016 йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг II – Республика Форуми ўтказилди. Мазкур Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – бошланғич касаба уюшма ташкилотлари иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш, касаба уюшма фаолларининг интелектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, бошланғич ташкилотлар олдида турган долзарб вазифалар ва истиқболли режаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича етакчиларнинг ўзаро тажриба алмашишини таъминлашдан иборатдир.

Унда тармоқ тизимидаги “Навоийазот” АЖ, “Аммафос-Максам” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ касаба уюшма фаоллари ҳамда Республика Кенгаши мутахассислари иштирок этдилар.

Бугунги кунда тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда 67 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Улар 55 минг 658 нафардан зиёд касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда.

Шу мақсадда Федерация Кенгаши томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида намунавий Низом” ишлаб чиқилиб, Федерация Кенгаши Раёсатида тасдиқланди. 2011 йилдан бошлаб ҳудудлардаги касаба уюшма ташкилотларига мажмуавий амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилди. Шунингдек, тармоқ миқёсида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови йўлга қўйилди. Бошланғич ташкилотлар фаолиятига эътиборни янада кучайтириш мақсадида барча тармоқ касаба уюшмалари фаолиятини намунали йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар бугун ижобий самара бермоқда.

Касаба уюшмалари тизимини модернизация қилиш борасида амалга оширилган салмоқли ишлар натижасида бошланғич ташкилотларнинг молиявий имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Бу ўз навбатида касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, нафақат ходимлар, балки уларнинг яқин-қариндошларини санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш имконини берди. Хусусан, касаба уюшма аъзолари учун аввалгидек 5 йилда 1 маротаба эмас, балки ҳар 2 йилда 1 марта тизимдаги санаторийларга имтиёзли йўлланма олиш имтиёзи берилди. Йўлланма нархининг ходим томонидан тўланадиган миқдори 50 фоиздан 45 фоизга туширилди. Эндиликда касаба уюшма бюджети ҳисобидан ажратилган йўлланмалардан меҳнаткашларнинг яқин қариндошлари – ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари эҳтиёжи учун фойдаланиш имконияти яратилди.

Федерация Кенгаши томонидан 2013 йилнинг март ойида илк бора ўтказилган бошланғич ташкилотлар етакчиларининг I Республика Форумида тасдиқланиб, амалга оширилган «Бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш дастури» бошланғич касаба уюшма ташкилотларнинг иш берувчилар билан ижтимоий шериклигини кучайтиришда муҳим омил бўлди. Касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ бугунги кунда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари тузилишига эришиш, бу орқали  ҳар бир ходимнинг ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиниши, ходимлар олдида иш берувчилар ва касаба уюшма ташкилотлари вакилларининг жамоа шартномалари бажарилиши тўғрисида ҳисобот бериб боришларини таъминлаш масалалари устувор вазифалар қаторидан ўрин олди.

Жамоа шартномалари ва келишувлар мазмун моҳиятининг бойитилиши нафақат ходимлар, балки, улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини ҳам кучайтирди. Хусусан, ушбу локаль ҳужжатларга хотин-қизлар ва ёшлар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлим ва бандлар киритилиб, улар учун имтиёзлар кўлами кенгайтирилди. Натижада хотин-қизлар учун қўшимча таътиллардан фойдаланиш, ёш оилалар учун фоизсиз ссудалар бериш, ёш болалари оналарга моддий ёрдамлар кўрсатиш, ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилди.

Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг II – Республика Форумида мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил этилиб, бу борада илғор ва намунали тажрибага эга бўлган касаба уюшма қўмиталари фаолиятига оид тақдимотлар ўтказилди.

Шундан сўнг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари учун амалий машғулотлар ўтказилди. Федерация Кенгаши мутахассислари модераторлигида касаба уюшмалари фаолиятининг барча устувор йўналишлари бўйича ташкил этилган сессия машғулотларида уларнинг бошланғич ташкилотларни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ҳимоя функцияларини амалга ошириш, ходимлар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнат муносабатларини ижтимоий шериклик асосида тартибга солиш йўналишларига оид билимлари янада мустаҳкаланиши билан бирга, ижобий иш тажрибалари билан ҳам танишдилар. Шунингдек, бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича 2016-2017 йилларга мўлжалланган дастур лойиҳаси муҳокама этилди.

Якуний ялпи йиғилишда эса муҳокамалар якуни юзасидан таклифлар билан танишилди. Форум дастури доирасида иштирокчиларга Республика касаба уюшмалари ҳаракатида бошланғич ташкилотларнинг тутган ўрни ва ролини ошириш борасида тегишли тавсия ва йўриқлар берилди.

  • Форум якунига кўра Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича дастур ҳамда Форум резолюцияси қабул қилинди.
Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan