Ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътилни мазмунли ва мароқли ўтказишига кўмаклашиш мақсадида Тошкент вилоятидаги “Чимён” оромгоҳида бири-биридан қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилаётгани болалар учун айни муддао бўлмоқда.
Биринчи мавсуми давомида жами 364 нафар ўғил-қизларни бағрига олган ушбу оромгоҳ бугун уларнинг шўх-шодон кулгиси билан янада файзли масканга айланган.
Оромгоҳда уч босқичда бир мингдан ортиқ болажонлар дам олиши кўзда тутилган. Айни кунларда иккинчи мавсумда болалар ҳордиқ чиқараётган ушбу оромгоҳ замонавий шарт-шароити билан барчага бирдек манзур бўлмоқда.
– Бу ерда корхонамиз ишчи-ходимларининг фарзандлари мароқли дам олишлари учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди “Аммофос-Максам” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Николай Авдеенко. – Мавсум олдидан оромгоҳдаги сузиш бассейни ва спорт майдончалари, ётоқхона бинолари ҳамда ошхона қайта таъмирланди.
Ушбу баҳаво, сўлим маскандаги шинам ётоқхоналар, машғулот майдончалари, бой китоб фондига эга кутубхона, замонавий жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт ва маънавият хоналари, компьютер маркази болалар ихтиёрига топширилган. Бу ерда инглиз тили, мусиқа, тасвирий санъат, компьютер саводхонлиги бўйича ўқув машғулотлари йўлга қўйилганини, стол тенниси, футбол, баскетбол, волейбол, сузиш ва шахмат-шашка тўгараклари фаолият кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур оромгоҳда ҳар ёзги таътил мавсумида болаларнинг иқтидори ва салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган тадбирларни ташкил этиш ҳам яхши анъанага айланган. “Заковат”, “Ўйла, изла, топ!”, “Топқирлар беллашуви” каби танловлар ўғил-қизларни ўз устида изланишга, билим ва тафаккурини бойитишга ундаса, “Қувноқ стартлар”, “Ким эпчилу ким чаққон?” спорт мусобақалари жисмоний куч ва имкониятларини синовдан ўтказиш имконини бермоқда. “Истиқлолим — истиқболим”, “Президент асарлари билимдони” каби тадбирлар касаба уюшмалари томонидан “Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида уюштирилаётган учрашувлар, концерт дастурлари, маданий-маърифий анжуманлар навқирон авлодда она-Ватанга муҳаббат туйғусини камол топтириш, улар онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур сингдириш мақсадларига хизмат қилаётир.
– Бу ер менга жуда ҳам ёқди, – дейди оромгоҳда дам олаётган Мохир Камолов. – Ҳар бир кунимиз эсда қолди. Мириқиб дам олдим. Янги дўстлар орттирдим. Спорт билан шуғулландим. Шу билан бирга, инглиз тили тўгарагига қатнашдим. Ўртоқларим билан машғулотдан кейин ҳам инглиз тилида гаплашдик. Ҳозир бу тилда эркин сўзлашишни анча-мунча ўзлаштириб олдим. Келаси йил ёзда ҳам шу оромгоҳга келишни хоҳлайман.
Мохир сингари юз-кўзида қувонч, бахтиёрлик акс этиб турган болаларнинг мана шундай эътирофлари ёш авлод манфаати йўлида олиб борилаётган кенг кўламдаги амалий ишларга берилган муносиб баҳо, десак, янглишмаймиз.