ЁШ МУТАХАССИСЛАР САРАЛАНДИ

Бош саҳифа

Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларнинг пухта таълим олиши, самарали меҳнат қилиши учун замонавий шароитлар яратиб бериш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тегишли идора ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган турли тадбирлар, кўрик-танловлар ёшларни ҳаётда янада фаол бўлишга ундаб, уларнинг истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, корхона иш берувчи вакиллари ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловда корхонанинг ёш мутахассислари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган танлов иштирокчилари ўз мутахассислиги бўйича билим ва маҳоратини намойиш этди.

– Ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш мутахассисларни рағбатлантириш, навқирон авлод вакилларида ватанпарварлик ва дахлдорлик туйғусини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган тадбирга қизиқиш тобора ортиб бормоқда – дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Бахтиёр Аллияров.

– Жорий йилда танловнинг биринчи босқичида корхонада самарали ҳамда фидокорани меҳнати билан фаолият юритиб келаётган 35 ёшгача бўлган 46 нафар ёш мутахассис иштирок этгани фикримиз далилидир.

Танлов шартларига кўра, иштирокчиларнинг фаолияти, интеллектуал, менежерлик ва касб салоҳияти турли мезонлар асосида баҳоланди. Айрим йўналишларда қатнашчилар ишлари бевосита цехларда ўрганилди. Мутахассисларнинг ўз ғоя ва лойиҳаларини тақдим қилишдаги маҳорати ҳам синовдан ўтказилди ҳамда “Энг фаол ёш кимёгар” номинацияси бўйича ғолиб аниқланди.

– Кимё соҳасида рақобат кучайиб бораётган бугунги шароитда доимо изланиш, инновацион технологияларни жорий этиш муваффақиятнинг муҳим омили саналади – дейди корхона бошқаруви раиси Фарход Собиров. – Шунинг учун ҳам биз бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Танловнинг ғолиби республика босқичида иштирок этиши учун тегишли ҳужжатлари тақдим этилди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan