ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Бош саҳифа Янгиликлар

2016 йилнинг 7-12 апрель кунлари “Росхимпрофсоюз”нинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ҳудудий ташкилоти раиси А.Парамонов раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда турдош касаба уюшма ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан таништиришдан иборат.

2016 йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашининг Ўқув марказида “Росхимпрофсоюз”нинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ҳудудий ташкилоти вакилларининг тармоқ касаба уюшма ходимлари ва фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси М.Халилова сўзга чиқиб, тармоқ соҳасининг бугунги кундаги ютуқлари, касаба уюшмаларининг устувор вазифалардан келиб чиқиб амалга оширилаётган ишлар, бошланғич касаба уюшмаларида фаолият юритаётган доимий комиссиялар тўғрисида маъруза қилди.

Учрашув давомида асосий эътибор тармоқ касаба уюшма ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш соҳаларида олиб борилаётган ишларга қаратилди. Хусусан, тадбирда ходимларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиши, улар фаоллигини ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг, энг аввало давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари, касаба уюшмаларининг муҳим ўринга эгадир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги – оилалар фаровонлиги ҳамда улар даромадларини ошириш  асосидир. Бунда энг катта масъулият ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари – ходимлар, иш берувчилар ва давлат зиммасига тўғри келади.

– Мен меҳмондўст мамлакатга келганимдан бахтиёрман. Серқуёш мамлакатга илк бора ташриф буюришим бўлишига қарамай бу ерда ҳукм сураётган ҳамжиҳатлик ва жипслик мени ҳайратга солди. Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ва ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги тизимли ишларга бўлган қизиқиш ва эътибор делегациямизда катта таасуротларга бой бўлди – дея таъкидлади “Росхимпрофсоюз”нинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ҳудудий ташкилоти раиси А.Парамонов.

Шунингдек, “Росхимпрофсоюз”нинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ҳудудий ташкилоти раиси А.Парамонов ҳамда вакиллар турдош касаба уюшмаси фаолияти юзасидан тармоқ касаба уюшма фаоллари билан маълумотлар алмашилди.

Шу куннинг ўзида делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Ўқув маркази фаолияти билан ҳам танишиб ўтдилар. Марказ директори У.Ташкенбаев марказ фаолияти билан яқиндан таништирар экан, бугунги кунда юртимизда хусусан касаба уюшмаларида олиб борилаётган ислоҳотларда ушбу даргох четда қолмаганлиги, тингловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

Учрашув доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган делегация “Навоийазот” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ ҳамда Тошкент шаҳридаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Учрашувлар ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти билан танишиш натижалари бўйича вакиллари томонидан тармоқ касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятига юқори баҳо берилди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan