ЯХШИ ДАМ – МЕҲНАТГА ҲАМДАМ!

Бош саҳифа

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланган 2024 йилда самарали амалга оширишга қаратилган давлат дастури ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг 2024 йил 1-ярим йиллиги учун мўлжалланган иш-режасини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида, кимё ва фармацевтика тармоғи тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат килаётган ўз касбининг фидойилари бўлган илғор ишчи-ходимлар учун Жиззах вилоятида жойлашган “Зомин” дам олиш масканига 2 кунлик саёҳат ташкил этилди.

Ҳозирги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотлар моҳиятини атрофлича тушунтириш ва бу жараёнларда касаба уюшмаларининг ролини ошириш, юртимизнинг диққатга сазовор тарихий жойлари ҳамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан таништириш учун Республика Кенгаши томонидан уюштирилган саёҳат ҳамда дам олиш масканига ташриф жудаям мароқли ўтди.

 Мазкур саёҳатда иштирок этиш учун меҳнат қилаётган ўз касбининг фидойилари бўлган фарм соҳаси илғор ходимлари ҳамда кимё соҳасида “Кимёгарлар” куни муносабати билан ишчи-ходимлар ўртасида ташкил этилган кичик танловлар  ғолибларидан иборат 16 нафари  Зомин туманига жойлашган дам олиш масканига ташриф буюришди.

 

 

Тармоқ ходимларининг тетик, соғлом бўлишлари учун корхоналарда барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳар йили Республикамизнинг турли вилоятларида жойлашган дам олиш масканларига бориш учун йўлланмаларнинг ташкил этилиши инсонлар саломатлигини асраш йўлидаги энг самарали ишлар жумласидандир.

Сайёҳларимиз хушманзара Зомин тоғлари бағрида жойлашган Дуоба қишлоғида барпо этилган “Дор йўли” орқали дам олиш масканига йўл олишди. “Зомин” осма дор йўли 12 та минорали 11 дона устундан ташкил топган ва денгиз сатҳидан 2400 метр баландликдаги табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлишга имконини берди.

 

Ундан ташқари саёҳатни яхши кўрувчиларимиз машҳур бўлган 310 метр узунликдаги осма кўприкдан ўтишга муяссар бўлишди.   Унинг учта жойида икки метрлик узунликдаги шиша қисм бўлиб, у ердан пастликни томоша қилишга ажойиб имконият бўлди. Шиша кўприкнинг кўркам ва бетакрор  манзараси  ходимларимизга ўзгача таъсир қилди.

Инсон ўз соғлигини ўзи асраган тақдирда табиатни, ҳаёт давомийлигини асраган бўлади. Саломатлик – ҳеч нарсага қиёси йўқ бойлик, шундай экан барча инсон ўз соғлигини ўзи асраши, яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб турмуш тарзини гўзал қилиб яшамоғи лозим.

Кенгаш томонидан уюштирилган саёҳат барчада катта таассурот қолдирди. Ҳамма хуш кайфият билан қайтишди.

Print Friendly, PDF & Email