РАҲБАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Бош саҳифа Янгиликлар

Тармоқ тизимидаги “Навоийазот” АЖ корхонасида Республика Кенгаши раиси Мавжуда Халилова ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева иштирокида  навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбири ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, айниқса ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган ва уни амалга оширишда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Ҳурматли Президентимиз томонидан 2020 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-648-сонли “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўгрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни деб белгиланди. Бу янгилик юртимиздаги касаба уюшмалари аъзолари томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Айни кунларда республика бўйлаб ишчи-ходимлар ўртасида спартакиадалар ва байрам тадбирлари тантанали равишда ўтказилмоқда.

Ёшлар билан учрашувда М.Халилова ва Н.Тоғаевалар сўзга чиқиб, юртимизда Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳатлар ва бу фаолиятда касаба уюшмаларининг тутган ўрни ҳамда масъулияти ҳақида сўз юритдилар.

 Учрашув давомида корхона ёшлари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар ва корхона касаба ушмаси ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Тадбир сўнггида фаол ёшларга  касаба уюшмаларининг эсталик совғалари топширилди.

Шундан сўнг М.Халилова корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди ва ишчи-ходимлар билан бевосита иш жойида суҳбатлашиб, улар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.

 Шавкат Таиров, ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси.

Print Friendly, PDF & Email