Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Халилова Мавжуда Хамдамовна “2020 йилнинг 2-ярим йиллигида меҳнат жамоаларига ташриф буюриш режа жадвали”га кўра “Навоийазот” АЖ корхонасига хизмат сафари билан ташриф буюрди.
Сўнгги йилларда Тармоқ тизимидаги корхоналарда ишчи-ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида бош ва тармоқ келишувлари ҳамда жамоа шартномалари асосида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
“Навоийазот” акциядорлик жамияти қарийб 9 минг ишчи-муҳандис меҳнат қиладиган, 70 дан ортиқ ноёб маҳсулот ишлаб чиқарадиган йирик саноат корхонасидир.
М.Халилова “Навоийазот” АЖда янги ишга тушган лойиҳалар билан танишиб, у ерда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди ва улар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ташрифдан асосий кўзланган мақсад ишчи-ходимларга ойлик маошларнинг ўз вақтида тўланиши, иш ўринларининг барқарорлиги, техника хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ва шароитлари бўйича аҳволни жиддий таҳлил қилиш ҳамда ходимлар билан учрашиб, уларга мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович раҳбарлигида иқтисодиётни юргизиш, одамларнинг оғир аҳволга тушиб қолмаслигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган энг долзарб ишларни тушунтиришдан иборатдир.
Корхонанинг мажлислар залида М.Халилова иштирокида ишчи-ходимлар билан давра суҳбати ўтказилди. Унда хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари ҳам иштирок этдилар. Давра суҳбатида М.Халилова юртимизда олиб борилаётган ислоҳатлар ҳақида сўз юритиш баробарида ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди ва уларни ижтимоий ўйлантириб келаётган масалаларни хал этиш бўйича корхона касаба уюшмаси қўмитасига ўз таклифларини билдирди.
Таъкидлаш керакки, корхонани модернизация қилиш, қувватини кенгайтириш мақсадида учта йирик инвестицион лойиҳа режалаштирилган эди.
Биринчи лойиҳа – Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқаришининг умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлиб, у 2019 йил якунида ишга туширилиб, ҳозирги кунда тўлиқ қувватга чиқди.
Иккинчи лойиҳа – қурилиб, ишга туширилиб, ҳозирги кунда уни лойиҳа қувватига олиб чиқиш ишлари олиб борилаётган Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасидир. Бу мажмуа йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Умумий қиймати 217 миллион долларга тенг ушбу объект Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилди.
Учинчи лойиҳа – йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид олишга мўлжалланган яна бир мажмуадир. Ишга тушиш муддати 2020 йилнинг ноябрь ойи. Натижада 500 га яқин янг иш ўринлари яратилади. Мажмуа ишга тушгач, йилига 136 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги корхонада замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: