«Фарғонаазот» АЖга қарашли «Кимёгар» болалар соғломлаштириш оромгоҳи биринчи навбатдаги 175 нафар ўғил-қизни ўз бағрига қабул қилди. Айни пайтда оромгоҳ ёзги таътилни
интизорлик билан кутган болажонларнинг шодон кулгуси билан тўлиб тошган.
– Жорий мавсумда корхона ишчи-ходимларининг тўрт навбатда 700 нафар фарзанди дам олади, – дейди оромгоҳ раҳбари Саодатхон Мўминова. – Бу йилги фаолиятимизни карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этганмиз. 9 гектардан иборат масканимизда болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган.
Икки мингга яқин китоб фондига эга шинам кутубхона, компьютер, шахмат-шашка, футбол, теннис, рақс, математика, расм каби тўгараклар ўғил-қизларнинг таътилни янада мазмунли ўтишига хизмат қилмоқда. Болажонлар ўртасида ўтказиладиган барча машғулотлар, танловлар, мусобақалар очиқ осмон остида ташкил этилмоқда.
– Мактабдаги ўқишлар эрта тугагани сабаб асосий вақтимизни уйда ўтказдик. Шу сабаб анча пайт дўстларим билан кўриша олмадим, – дейди 4-синфни тамомлаган Муҳаммадзоҳид Рустамов. – Оромгоҳда синфдош дўстларимни кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Ҳозир улар билан битта гуруҳдаман. Бу ерда кунимизни мароқли ўтказяпмиз.
– Оромгоҳга биринчи марта келишим, – дейди Зафаржон Қўчқоров. – Бу ер келиб кўплаб янги дўстлар орттирдим. Айни пайтда дўстларим билан «Бу менинг – Ўзбекистоним» расмлар танловига тайёргарлик кўряпмиз.
Аҳамиятли жиҳати, йўлланмаларнинг ҳамёнбоплиги ота-оналарга маъқул бўлмоқда. Яъни, бу йилги 12 кунлик йўлланма нархи бир нафар бола учун 78 минг сўм этиб белгиланган. Бу эса ота-оналар учун яна бир қулайлик бўлди.
Бу ерда болалар кунига тўрт маҳал тўйимли ва витаминларга бой озиқ-овқатлар билан овқатлантирилади. Таомларнинг сифатига жиддий эътибор қаратилган. Тиббиёт хонасида етарлича дори-дармонлар мавжуд. Ўғил-қизларнинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан чиниқишлари учун малакали тарбиячилар, етакчилар, спорт мураббийлари жалб қилинган.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch»
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: