Шу кунларда юртимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Фарғона кимё заводи” МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси корхонанинг бир гуруҳ фаол ёшлари иштирокида “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” шиори остида мустақилликни ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларидан хабар олиш, уларни хотирлаш мақсадида Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган марҳум лейтенант Ғаниев Бобуржон Абдулхамидовичнинг уй музейига ташрифи уюштирилди.
Маълумотларга кўра лейтенант Ғаниев Бобуржон Абдулхамидович 1977 йил 14 октябрида Фарғона вилоятида туғилган, отаси вафот этганида у 9 яшар бола эди. У аввал Марғилон шаҳридаги рус тилига ихтисослашган 13-ўрта таълим мактабида таҳсил олган. Кейинчалик Марғилон тижорат техникуми ва Тошкент электротехника алоқа институтининг махсус факультетини тамомлаган.
Лейтенант Ғаниев Бобуржон Абдулхамидович 2000 йил август ойида Сурхондарё вилоятининг Узун ва Сариосиё туманларига кириб келган бир гуруҳ террорчиларга қарши олиб борилган жангларда ватанимизнинг мард ўғлонлари қаторида мардонавор курашган ва хизмат бурчини бажараётган чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2000 йил 25 августдаги Фармонига кўра лейтенант Ғаниев Бобуржон Абдулхамидович II даражали “Шон-Шараф” ордени билан мукофотланган. Шунингдек, Бобуржон Ғаниев яшаган хонадонда уй-музейи ташкил этилиб, ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган. Кўчага Бобуржон Ғаниев номи берилган.
Музейга ташриф давомида Ғаниев Бобуржоннинг онаси Мунаввархон Ғаниева билан суҳбат ўтказилди. Мунаввархон Ғаниева ўғлининг болалик чоғларини ва ўқишга кириб ҳарбий қисмда ишлаган даврларини эслаб, жанг майдонида кўрсатган жасорати ҳақида гапириб берди. Айтиш керакки, бу каби ташрифлар ёшлар онги ва қалбида ватан қаҳрамонлари тимсолини гавдалантиришига ва улардек мард бўлишга, халқ фаровонлиги, Ватан равнақи йўлида собитқадам меҳнат қилишга ундаб қолади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: