Касаба уюшмалари томонидан масалага ойдинлик киритилди

Бош саҳифа

Касаба уюшмалари томонидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилишига қарамай баъзида шундай ҳолатлар ҳам кўзга ташланяптики, ишчи-ходимлар меҳнат муносабатларига оид қонунчиликни тўлиқ тушунмасдан вазиятга бир томонлама баҳо берадилар. Жорий йилнинг июль ойида шундай мурожаатлардан бири Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Қўқонспирт” АЖ ички ҳарбийлашган қўриқлаш бўлимининг 98 нафар ишчи-ходимлари томонидан юборилган. Унга кўра ишчи-ходимлар ишлаб турган иш жойларини сақлаб қолишни сўраганлар. Республика Кенгашининг масъул мутахассислари ушбу шикоят хати бўйича жойига бориб кўриб чиқдилар.

Мурожаат Касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари томонидан бевосита ўрганилган вақтда шу нарса маълум бўлдики, жамият бошқарув раисининг 2019 йил 24 январдаги  №37-сонли буйруғи билан “Қўриқлаш хизмати бўлинмаси” штат жадвалидаги 98 нафар ходимлар сони қисқартирилиши белгиланган бўлиб, улар ёзма равишда огоҳлантирилганлар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 102-моддаси иккинчи қисми 7-банди талабига кўра иш берувчи томонидан ходимлар оммавий равишда ишдан озод этиш эҳтимоли тўғрисида ўз вақтида, камида икки ой олдин корхона касаба уюшмаси органига ахборот тақдим этиш ҳамда ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда, бўлажак ишдан озод қилиш тўғрисидаги маълумотларни маҳаллий меҳнат органига маълум қилиш шартлиги бажарилган.

Огоҳлантириш даврида қисқартирилиши кутиляпган амалдаги “Қўриқлаш хизмати бўлинмаси” ходимлари штатлар жадвали ва ишга чиқиш жадвали асосида меҳнат фаолиятларини олиб борганлар ва иш берувчи томонидан иш ҳақи мажбурияти ўз вақтида тўлиқ миқдорда амалга оширилган.

2019 йилнинг 1 апрелида “Қўқонспирт” АЖ ва Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси ўртасида 473-сонли шартнома имзоланиб, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ижрочи саф бўлинмаси қўриқлаши кўринишида буюртмачининг мулкини қўриқлаш мажбуриятини, буюртмачи эса мазкур шартнома шартларига асосан ўз вақтида кўрсатилган қўриқлаш хизмати учун тўловларни амалга ошириши белгиланган. Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 24 июнь куни “Қўқонспирт” АЖ бошқаруви раисининг 161-сонли буйруғи билан 2019 йил 1 июлдан “Қўриқлаш хизмати” штат жадвалидан 98 бирликдан иборат иш ўринлари қисқартирилиб, 59 та бирликдан иборат “Қоровуллар хизмати” ташкил қилиш, унга қисқартирилиши кутилган ходимлардан 59 нафари ишга қабул қилинган.

Ишга қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 103-моддаси ҳамда корхона жамоа шартномасининг 3.10 бандида кўрсатиб ўтилган ишда қолдиришда афзаллик бериладиган қуйидаги ҳолатлар инобатга олинган. Жумладан, ногиронлик; пенсия ёшига яқинлашиб қолганлик, ишлаётган ёлғиз онанинг қарамоғида 14 ёшга тўлмаган болалар мавжудлиги; қисқартириш вақтида иш қолдириш учун афзаллик ҳуқуқи корхонада 10 (ўн) йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ишчи-ходимларга нисбатан қўлланилган.

Шунингдек, 3 нафар ходим ўз хоҳишига кўра бошқа ишга ўтган ва 6 нафар ходимнинг меҳнат шартномаси ўз аризаларига асосан МКнинг 99-моддасининг биринчи қисми талабига кўра бекор қилинган. Шу  билан бирга 30 нафар қўриқлаш бўлими ходимларига корхонада мавжуд бўлган бўш иш ўринлари таклиф этилган ва уларнинг розилиги билан ёзма аризаларига асосан янги меҳнат шартномалари тузишга эришилган.

Юқорида, кўриб чиқилган масала юзасидан шуни айтиб ўтиш керакки, касаба уюшмалари доимо ишчи-ходимларнинг меҳнат муносабатларига оид муаммолари ва саволларига ечим топилишида яқиндан ёрдам бериб келаётган жамоатчилик ташкилоти бўлиб, ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шарт-шароитларини яратиб берилишида фаол хизмат қилиб келмоқда.

Print Friendly, PDF & Email