“Кимёвий таҳлил лаборанти” танловининг Республика тармоқ босқичи ўтказилди

Бош саҳифа

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2018 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури» ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг “2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш, давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро яқиндан ҳамкорлигини ташкил этиш, ёшларнинг истеъдодини намоён қилиш, танлаган касб ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишини кучайтириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш ва рағбатлантириш, касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танловининг “Кимёвий таҳлил лаборанти” номинациясининг Республика тармоқ босқичи бўлиб ўтди.

 

Мазкур танлов ишчи, мутахассислар, ўқувчиларда ўзлари танлаган касби ва ихтисослигини чуқур ўрганишга қизиқишни ошириш, ишчи, мутахассислар, ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятларини намоён қилиш, уларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини ошириш, ўзлари танлаган касблари бўйича меҳнат фаолиятига тайёргарлик салоҳиятини янада кучайтириш, касбий маҳоратларини оширишга кенг имкониятлар яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчи курс ўқувчиларининг касбий тайёргарлик сифатини холисона баҳолашга йўналтирилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Танлов тармоқ тизимидаги “Фарғонаазот” АЖ фаоллар зали ва Марказий лабораториясида бўлиб ўтди. “Кимёвий таҳлил лаборанти” танловининг Республика босқичида тармоқ тизимидаги корхона ва таълим муассасаларидан биринчи босқичда ғолибликни қўлга киритган 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш кимёвий таҳлил лаборантлари иштирок этдилар.

Айтиш керакки, ушбу танлов ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва корхоналарда хизмат олибораётган тажрибали мутахассисларнинг маҳоратини, улар томонидан қобилиятли, ижодкор ўқувчилар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда олиб борилувчи ишларни янада такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Шунингдек, қўйи босқичлар жараёнида қобилиятли ишчи мутахассислар ва ўқувчилар аниқланиши билан бирга, уларни муносиб рағбатлантириш орқали ўз касбларига бўлган меҳр-муҳаббатлари ва интилишлари ортгани, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари, иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Танлов иштирокчилари 3 та шарт, жумладан танишув, савол-жавоб ва касбий-амалий топшириқлар асосида ўзаро беллашдилар.

Назарий ва амалий синовлар жараёнида ишчи мутахассисларни ўз касбий маҳоратларини оширишга бўлган интилишлари яққол намоён бўлди.

Ҳар бир жараён нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳоланиб, ғолиблар аниқланди.

Танлов якунига кўра 1-ўринни “Фарғонаазот” АЖ вакили Ғофурова Умидахон Бахтиёр қизи, 2-ўринни “Навоийазот” АЖ вакили Одилова Лобар Усаржон қизи ва 3-ўринни “Максам-Чирчиқ” АЖ вакили Усмонова Зилола Джумавоевна эгалладилар.

Ғолиб ва фаол иштирокчилар Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан диплом, фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Print Friendly, PDF & Email