“Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори” спартакиадаси ўтказилди

Бош саҳифа

Тармоқ тизимидаги Тошкент кимё-технология институти касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда жисмоний тарбия ва спорт кафедраси ҳамкорлигида “Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори” спартакиадаси ўтказилди.

Спартакиадани ўтказишдан мақсад Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг “2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини спортнинг оммавий турларига қизиқтириш орқали меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, меҳнаткашларни турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи асослари орқали муҳофаза қилиш, аҳоли ва ёшларни жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишларини кучайтириш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда спорт билан оилавий шуғулланиш кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир.

Мусобоқада Тошкент кимё-технология институти факультетларидан ташриф буюрган оилавий жамоалар ўзаро югуриш, акробатика элементлари ва тўпни нишонга отиш, “Чаққонлик ва мерганлик” эстафетаси, “Моҳир ҳужумчи”, “Овчилар ва қуёнлар” ўйини,  “Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз”, “Кўпкураш мусобақалари”,“Арқон тортиш” каби шартлар буйича беллашдилар.

Мусобоқа жуда қизиқарли баҳс мунозараларга бой бўлди. Мусобақа натижаларига кўра 1-ўринни  Зуляровалар оиласи, 2-ўринни Ҳайдаровлар оиласи ва 3-ўринни Хасановлар оиласи эгалладилар.

Мусобақа сўнгида барча ўрин эгалари ҳамда номинациялар совриндорлари тегишли даражадаги кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Print Friendly, PDF & Email