Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февральдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3514-сонли Қарори ижросини таъминлашга кўмаклашиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантириш Дастурини амалга ошириш мақсадида корхонанинг 45 нафар ишчи-ходимлари учун Республикамизнинг Фарғона вилояти бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида саёҳатчилар кўхна ва қадимий Қўқон шаҳрининг диққатга сазовор жойларини, кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи маданий меърос объектларини, қадимий ёдгорликлар, масжид ва мадрасаларни, Риштон шаҳридаги кулолчилик маркази, Фарғона ўлкашунослик музейини ноёб экспонатлари ва бошқа кўргазмалари ҳамда Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” фабрикасини кўриш имкониятига эга бўлдилар. Шу ўринда тарихга назар ташлар эканмиз, 1972 йилда Фарғона водийсида энг йирик ипак мато тўқиш фабрикасига асос солинган бўлиб, 2000 йилда эса бу фабрика “Ёдгорлик” хусусий корхонасига айлантирилган. Маълумотларга кўра қадимда ипак ортилган карвонлар Буюк ипак йўли бўйлаб Марғилондан Қошғар, Бағдод ва ҳаттоки Юнонистонгача борган. Бу ипак гўзаллик ва сифат борасида Хитойникидан қолишмаган, сабаби фарғоналик усталар бу борада ўзларининг махсус ноёб технологиялари асосида иш юритганлар. Бугунги кунда “Ёдгорлик” фабрикаси бутун дунёдан туристларни ўзига жалб қилмоқда. Мутахассислар томонидан сайёҳларга ипак матони қўлда ишлаб чиқариш жараёни намойиш этиб келинмоқда.
Ташкил этилган мазмунли саёҳатдан ишчи-ходимлар катта таассуротлар билан оилалари бағрига қайтдилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: