Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги Тошкент кимё-технология институтида буюк аждодимиз Амир Темур таваллудининг 683 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда к.ф.д., профессор Ғ.Х.Ҳамроқулов сўзга чиқиб, улуғ бобомиз Амир Темур шахсияти ва давлат бошқаришида олиб борган сиёсий фаолияти ҳақида гапирди.
Жумладан, Амир Темурнинг бетакрор шахсияти, ибратли ҳаёт йўли, бебаҳо моддий ҳамда маънавий мероси билан халқимизнинг ғурур-ифтихорини юксалтирувчи, ғайрат-шижоат бағишловчи, маънавий куч берувчи беқиёс тимсолдир. Соҳибқирон бунёдкорлик, адолат, инсофу диёнатни ўзи учун шиор билиб, халқ дарду ташвиши билан яшаган, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси бўлганлигини таъкидлаб ўтди.
Ғ.Ҳамроқулов маърузаси давомида талабаларга Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият ва бунёдкорлик соҳаларидаги улкан меросини кенг ўрганиш имконини яратганлигини, Амир Темурнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида кўплаб бадиий, ҳужжатли асарлар яратиляпганлиги ва илмий тадқиқотлар олиб бориляпганлиги ҳақида сўз юритди. Ғ.Ҳамроқулов ўз сўзини давом эттириб, сўнгги йилларда Амир Темур ва унинг даврини ўрганишга бағишланган қатор манбалар, тарихий китоблар нашр этилганини айтиб, Бўрибой Аҳмедовнинг Амир Темур ҳақидаги катта роман-хроникасини, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг Темур ва темурийлар тарихи ёритилган “Улуғ салтанат” эпопеясини, француз адиби Марсель Брионнинг “Мен ким соҳибқирон Темур” асарларини ўқиб чиқишини тавсия қилди.
Шунингдек, ёш тадқиқотчилар ва талабалар ҳам тадбирда фаол иштирок этиб, ўзлари тайёрлаган маърузалар билан иштирок этдилар.
Ёшлар иштирокида бу каби тадбирларни кенг миқёсда ўтказиш, ёшлар онгида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлишга интилиш туйғусини кучайтиради ва шу билан бирга ватанпарвар авлодни камолга етказишда замин бўлиб хизмат қилади.
Ўтказилган тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: