Хуш келдинг баҳор, хуш келдинг Наврўз!

Бош саҳифа

Миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган Наврўзи олам юртимизнинг ҳар бир гўшасида ўзига хос тарзда тантанали нишонланмоқда. Ана шундай тантановор руҳда ташкил этилган байрам сайли тармоқ тизимидаги Тошкент кимё-технология институтида “Хуш келдинг баҳор, хуш келдинг Наврўз!” мавзусида юқори кайфиятда ўтказилди.

Институт ҳовлисида Наврўз байрами дастурхони ёзилиб баҳорий таомлар  билан безатилди. Унда институтнинг барча факультет профессор-ўқитувчилари, фахрий меҳмонлар, элимиз ардоғидаги санъаткорлар ҳамда талабалар иштирок этдилар.

Байрам дастурини институт ректори Ш.А Муталов очиб бериб, барчани Наврўз байрами билан чин дилдан табриклади ҳамда келгусидаги ўқиш ва ишларда омадлар тилади. Шундан сўнг, институтнинг касаба уюшмаси қўмитаси раиси  Маҳфуза Карахаджаева сўзга чиқиб барча ишчи-ходимларни касаба уюшмалари номидан табриклади. У Наврўз байрами жуда қадимий байрам ҳисобланишини, Мустақиллик йилларида Наврўз умумхалқ байрами сифатида тан олинганлигини, шунингдек, 2009 йилда Наврўз байрами ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга  2010 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 21 март кунини Халқаро Наврўз куни деб эълон қилганлигини ва барча мамлакатларни мазкур қадимий байрамни дунёда кенг тарғиб этишга чақирганлигини айтиб, яқинда Туркия Жумҳуриятининг Иқтисодий ривожлантириш ва ижтимоий тадқиқотлар институти томонидан “Халқаро Наврўз Саммити-2” мавзусида анжуман ўтказилганлигини ва унда Ўзбекистонлик делегатлар, жумладан институт вакиллари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этиб қайтганликларини айтиб ўтди.

Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисми бошланди.

Байрам дастури давомида институт талабалари ўртасида “Ош мусобақаси”, йигитлар ўртасида спортнинг тош кўтариш, арқон тортиш ва “Энг яхши Наврўз дастурхони” каби мусобақа ва танловлар ўтказилди. Шунингдек, саҳнада факультет талабалари томонидан ташкил этилган қўшиқлар, рақслар ҳамда мусиқалар ижро этилди. Бир сўз билан айтганда байрам кўтаринки кайфиятида  нишонланди.

 

Print Friendly, PDF & Email