Ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилди

Бош саҳифа

Меҳнат шароити ноқулай ишлар ва бажарилаётганида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтилиши лозим бўлган бошқа ишларнинг рўйхати ва уларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 200-сонли буйруқ билан белгиланган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ишчи-ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш юзасидан иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва ҳар йили тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт бўлган тоифалар мавжуд:

–  ўн саккиз ёшга тўлмаганлар;

–  олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар;

–  ногиронлар;

– меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;

– озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;

– умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.

Юқорида келтириб ўтилган ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.

Тармоқ тизимидаги “Андижон биёкимё заводи” АЖда навбатдаги тиббий кўрик ташкил этилди. Унда 530 нафар ишчи-ходимларнинг, жумладан, 80 нафар ёш ишчи-ходимлар иштироки таъминланди.  Шундан, зарарли меҳнат шароитида ишловчи 161 нафар ишчи-ходим тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.

 

Кўрик натижаларига кўра, ҳар бир ходимнинг тиббий варақасига тегишлича хулосалар ёзилди.

Бу каби кўриклар корхонада меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида касб касалликлари келиб чиқиш ҳолатларини олдини олишда катта аҳамият касб этади.

Print Friendly, PDF & Email