Бугунги кунда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан халқаро фаолиятда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Россиянинг турдош касаба уюшмаси “Росхимпрофсоюз” билан тузилган “Дўстлик ва ҳамкорлик Келишуви”га асосан мазкур келишув доирасида икки томонлама тажриба алмашиш мақсадида тармоқ касаба уюшма фаолларининг ҳамкор касаба уюшма ташкилотларига ташрифларини уюштириб бориш режалаштирилган ва бу орқали ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бориш назарда тутилган.
Айни шу мақсадда Ставрополь ўлкаси Кимё саноати ходимлари касаба уюшмаси ташкилотининг раиси Гладкова Наталья Викторовна бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Шу ўринда айтиш керакки, делегация аъзолари таркибида “Невинномысский Азот” АЖ бошқарув раҳбари Тальберг Олег Владимирович, “Невинномысский Азот” АЖ бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси Самофалов Сергей Александрович, «Гостиница «Зеленая» МЧЖ раҳбари ва бошланғич касаба уюшмаси раиси ўринбосари Коль Наталья Александровна ва Невинномысский шаҳри бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, касаба уюшмаси аъзоси ва Невинномысский бошқаруви томонининг ижтимоий ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи уч томонламали комиссия координатори Олешкевич Татьяна Адольфовналардан иборатдир.
Ташриф дастурига кўра делегация аъзолари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув марказининг мажлислар залида тармоқ ходимлари, бошланғич касаба уюшмалари раислари ва фаол ёшлар иштирокидаги учрашув кенг доирада бўлиб ўтди. Давра суҳбати давомида томонлар ҳар икки ташкилотда олиб борилаётган фаолият борасида маърузалар қилдилар. Учрашувда тармоқ касаба уюшма ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш соҳаларида олиб борилаётган ишлар ҳақида, қолаверса ишчи ходимларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этишларида, улар фаоллигини ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги борасида сўз юритилди. Учрашувда келгусида ўзаро ҳамкорлик доирасида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш ҳамда ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни янада ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан ўзаро яқиндан танишиб бориш, қолаверса келгусида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш каби кўплаб масалалар белгилаб олинди.
Учрашув доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Ўқув маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф дастури асосида делегатлар иштирокида “Навоийазот” АЖ касаба уюшмаси фаоллари билан дўстона учрашувлар ташкил этилди ҳамда уларга бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида амалга оширлаётган ишлар билан кўргазмали тарзда таништирилди.
Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг ўз олдига белгилаган устувор вазифаларидан келиб чиқиб амалга ошираётган ишлари ва ютуқларини юқори баҳолайман ва келажакдаги ишларига омад тилайман,- дейди Ставрополь ўлкаси Кимё саноати ходимлари касаба уюшмаси ташкилотининг раиси Гладкова Наталья Викторовна,- Ўйлайманки, бу учрашув ҳар икки томон учун ҳам кўплаб янги тажрибалар алмашишга имконият яратди ва янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга илҳом берди.
Айтиш керакки, ўзаро дўстона кайфиятда ўтган учрашувлар икки томон учун ҳам самарали бўлди. Ставрополь ўлкаси Кимё саноати ходимлари касаба уюшмаси ташкилоти вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмаси ташкилотига ташкил этилган учрашув ва тадбирлар учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: