Сафимиз кенгаймоқда!

Бош саҳифа

Мамлакатимизда ёшларга доир давлат сиёсати мустақилликка эришган илк кунларимизданоқ мустаҳкам, оқилона ва одилона йўлга қўйилган. Ёш авлод катталар томонидан ҳар жабҳада қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Бунинг исботи ўлароқ Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги корхоналарда 2016-2017 ўқув йилининг коллеж битирувчилари ишга қабул қилиш жараёнлари бошланди. Жумладан, “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Максам-Чирчиқ” ва “Аммофос-Максам” АЖларида тўрт томонлама шартномалар асосида битирувчилар ишга қабул қилинмоқда.

Тармоқ тизимидаги “Навоийазот” акционерлик жамияти касаба уюшма қўмитаси томонидан бир гуруҳ коллеж битирувчиларининг ишга қабул қилиш маросими тантанали равишда ўтказилди.

Тадбирни касаба уюшма қўмитаси раиси Т.С.Рўзимуродов олиб борди. Йиғилишда кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г.С.Суннатова, кадрларни қайта тайёрлаш бўлими бошлиғи М.Х.Абдурахимов, бўлим мутахассислари М.Қ.Ёрматовлар иштирок этишди.

Тўлқин Сиддиқович ўз нутқида, янги ходимларга “Навоийазот” АЖ тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди. Цехга қабул қилиш тартиби, иш жараёни ва интизоми, меҳнат муҳофазаси, ёнғин хавфсизлиги, шахсий ҳимоя воситалари ва ҳоказо ишга кўмаклашувчи деталлар тўғрисида тушунча бериб ўтди.

Коллеж битирувчилари номидан ташаккур сўзларини эса техника-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Б.М.Икромов ўз сўзларида билдирдилар. Баҳодир Мажидович корхонага янада юксалишни, иқтисодий барқарорликни, янги ходимларга эса илк иш ўринларида даркор барча нарсаларни – дўстона муносабатлар, яхши жамоа, шижоат, меҳнаткашликни тилади.

Тадбир хурсандчилик, гуллар, эзгу тилакларга бой тарзда сўнгига етказилди. Сафимиз салоҳиятли ёшлар ҳисобига кенгайганлиги рост бўлсин.

Print Friendly, PDF & Email