АЖДОДЛАРНИ ХОТИРЛАШ – МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ

Бош саҳифа

Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон фидо этган фарзандлари хотирасини абадийлаштириш, ёшларни тарбиялашга муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган фахрийларга ҳурмат-эҳтиром маъносида халқимиз ҳар йили 9 – майни “Хотира ва Қадрлаш куни” сифатида нишонлайди.

Муқаддас тушунчаларнинг барчаси хотира билан тирик. Хотира нафақат ўтмишни унутмаслик, бугунги кунни тасаввур этиш ҳамдир.

Хотира инсонни келажакка очиқ кўз билан қарашга ўргатади.

Қадрлаш эса хонадонларимизга файзу барака бағишлаб, қилаётган эзгу ишларимизга оқ фотиҳа тилаб турган пиру бадавлат қарияларимизнинг ҳурматини жойига қўйишдир.

Бу йилги 9 май Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонивич Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрел кунидаги  “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2865-сонли Қарори, шу куни эълон қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ПФ-5000-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 08/1-654-сонли топшириқ хатларида белгиланган  вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида барча таълим муассасаларида  “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” мавзуида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Тошкент кимё-технология институти раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси томонидан 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” деб номланган маънавий-адабий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда институтда кўп йиллардан бери меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрийлар, улар билан бир қаторда нафақага чиқиб, ҳозирда ўзларининг кўп йиллик ҳаётий тажрибаларига таяниб, ёшларимизга илм чўққиларини эгаллашларида ўзларининг бор салоҳиятларини бағишлаётган фахрий устозлар, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳарбий соҳаларда хизмат қилган ва ҳозирда заҳирадаги офицер бўлиб ўз соҳалари бўйича жамоада меҳнат қилаётган ҳарбий устозларимиз ташриф буюришди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбек миллий академик драма театрининг фахрий санъаткорларидан – Ўзбекистон халқ артистлари Тўти Юсупова, Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Тонг юлдузи” газетаси бўлим бошлиғи Ахтамқул Карим, Ўзбекистон Давлат консерваториясидан Каримова Махфуза, иқтидорли талаба Шоназаров Элдор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рушана Султонова бошчилигидаги “Зиё” қизлар рақс дастаси, “Олмос” рақс дастаси раққосалари  иштирок этиб,  ўзларининг бадиий чиқишлари билан тадбир қатнашчиларини хушнуд этдилар.

Институт ректори, профессор Садриддин Махамаддинович Туробжонов фахрий устозларни ва азиз меҳмонларини байрам билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги илмий тадқиқот институтининг етакчи илмий ходими тарих фанлари доктори, профессор Дилором Юнусовна Юсупова урушнинг мудхиш оқибатлари, тинчликнинг буюк неъмат эканлиги, юртимизда нишонланаётган “Хотира ва қадрлаш куни”халқимиз учун  эзгу бир байрам эканлиги ҳақида фикр билдириб ўтди.

Тадбирда иштирок этган барча фахрийларимизга институт ректори ва касаба уюшмаси томонидан байрам табриклари битилган номалар ва гулдасталар, ташриф буюрган барча меҳмонлар учун институт ректори номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Уруш даҳшатларини кўрган, истибдод зулмини тортган ва истиқлол  кунларига етган фахрийлар билан бўлган бу учрашув ёшлар маънавиятини бойишига, қалбларида хотира ва фахр туйғуси мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшади.

Тадбирнинг иккинчи қисми бир пиёла чой устида, байрам дастурхони атрофида давом эттирилди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan