ТОШКЕНТДА «САЛОМАТЛИК САРИ» МАРАФОНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Бош саҳифа

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, оилаларда ва меҳнат жамоаларида соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида ташкил этилган мазкур саломатлик акциясида ўттиз беш мингга яқин турли соҳа ходимлари, фахрийлар, хотин-қизлар, ёшлар иштирок этди.

Пойтахтда 4000 дан зиёд киши марказий кўчалар бўйлаб 2,8 километрлик масофани босиб ўтди. Алишер Навоий номидаги ДАКТ қаршисидаги майдонда эса қатор номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги Тошкент кимё технология институти ҳамда “Совпластитал” акциядорлик жамиятидан 100 га яқин хаваскор спортчилар марафонда иштирок этди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиев ва бошқа мутасадди идоралар рахбарлари мамлакатимизда аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашнинг муҳим омили сифатида жисмоний тарбия ва спорт ривожига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу жараёнда турли мусобақалар, оммавий спорт тадбирлари ёшларнинг спортга қизиқишини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Тадбир қатнашчилари «Энг ёши улуғ иштирокчи», «Энг ёш иштирокчи», «Ғалабага бўлган интилиши учун» сингари турли номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan