НАВРЎЗ УЙҒОНИШ ВА ЯНГИЛАНИШ БАЙРАМИ!

Бош саҳифа

Юртимизда уйғониш, яшариш, янгиланиш айёми – Наврўзи олам нафаси кезиб юрибди. Халқимиз ушбу қутлуғ шодиёнани ҳар йили ўзгача шукуҳ ва кайфият билан қарши олишга одатланган. Шукрки, она-юртимиз тинч, мамлакатимиз обод. Ана шундай озод юртнинг обод манзилларида эса сизу биз  азалий айём – Наврўзи оламни зўр қувонч ва катта хурсандчиликлар ила қарши оламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб Наврўз байрамини ўтказишда Тошкент Кимё-технология институти жамоасининг фаол иштирокини таъминлаш вазифалари белгиланди.

Февраль-март-апрель ойлари мамлакатимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойликлари деб эълон қилингани ва бу шамсия йил тақвимига кўра, ҳамал ойини қамраб олгани билан барчанинг дилидаги гап бўлди. Ҳамма жойда теварак-атрофни саришталаш, тозалаш ва кўчат экишга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Институтда ўтказилган ҳашар кунлари ўқув-лаборатория, аудитория хоналари, ўқув биноси йўлакчалари, ички ва ташқи ховлини ободонлаштириш, ҳар бир факультет  ва талабалар турар жойи ҳудудидаги ерларда кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, яъни  манзарали, мевали дарахтлар, гул кўчатларини экиш ишлари амалга оширилди.

Институт раҳбарияти ҳамда касаба уюшмаси  ташаббусини қўллаб, талабалар томонидан институт ҳудудини, талабалар турар жойи атрофларини, маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш учун ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Факультетлар, ўқув бинолари ва талабалар турар жойида турли байрам тадбирлари, миллий спорт ўйинлари ташкил этилди. Факультетлар ва талабалар турар жойи ҳудудларини Наврўз байрами билан боғлиқ пешлавҳалар билан безатиш ишлари амалга оширилди.

Ижтимоий гуманитар фан кафедраларининг профессор-ўқитувчилари томонидан Наврўз байрамининг тарихига, миллий руҳиятига, анъана ва урф-одатларига бағишланган давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилди.

Институт раҳбарияти ва Касаба уюшмаси томонидан ёрдамга мухтож инсонларга – профессор-ўқитувчилар, ходимлар, ёш оилалар, кексалар, ногирон, етим, моддий ёрдамга муҳтож кам таъминланганларга моддий ёрдам беришдек савобли ишлар амалга оширилди. Институт Касаба уюшмаси, институт хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан институтда кўп йиллар давомида меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ фахрий устоз-педагоглар уйига байрам табриклари ва совға-саломлар билан ташрифлар уюштирилди.

2017 йил 24 март куни институтда катта Наврўз сайли бўлиб ўтди. Институт жамоаси ва талаба-ёшлари байрамни кўтаринки кайфият ва ўзгача бир шукуҳ билан нишонладилар. Барча факультетлар жамоаси томонидан миллий таомлар, хунармандчилик, тикувчилик ва тўқувчилик ҳамда факультет жамоаларини ўқув ва илмий йўналишдаги ютуқлари акс этган кўргазмалар ташкил этилди. Дошқозонларда Наврўзнинг миллий таоми бўлмиш сумалак ва паловлар тайёрланди. “Шарқ зиёкори” китоблар маркази томонидан китоб савдосининг ташкил этилганлиги, миллий спорт ўйинлари, Ўзбек миллий академик драма театрининг халқимиз ардоғидаги бир гуруҳ санъаткорлари табриги, Ўзбекистон Давлат консерваториясининг иқтидорли ёшлари ижросидаги куй ва қўшиқлари, таниқли санъаткорларимизнинг дилрабо қўшиқлари, институтнинг иқтидорли талабалари томонидан намойиш этилган байрам табриклари, “Кимёгар маликалар” кўрик танлови ғолиби бўлган талаба-қизларимиз иштирокидаги шеър,   рақс каби чиқишлар барчага олам-олам қувонч бағишлади. Тадбирда миллий спорт ўйинлари ғолиблари фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбирида кўплаб мутасадди ташкилотлардан меҳмонлар иштирок этишди. Тадбирга институт жамоасида кўп йиллардан бери меҳнат қилган, ҳозирда эса кексалик гаштини сураётган фахрийларнинг таклиф этилганлиги талаба-ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan